Ссылки доступа

6 миллион долларга қурилган Олмаота яқинидаги янги мактабнинг томидан чакки ўтиб кетди


Олмаота яқинида жойлашган Талгар шаҳри аҳолиси 1 200 ўринли янги мактабнинг сифатидан норози бўлмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, янги бинонинг сметаси 3 миллиард тенге (ҳозирги курс бўйича қарийб 6,2 миллион доллар) эди, бироқ бинонинг томидан аллақачон чакки ўтиб кетган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, мактабнинг барча безаклари тушиб кетган, шифтлар намликдан шишган, ҳожатхона эса ташқарига қурилган.

Инстаграмдаги kris_p_talgar саҳифасида жойлаштирилган фотосуратларда ёрилиб кетган шифтлар ва деворларнинг намлиги акс этган. Бинонинг томида кўлмакчаларни кўриш мумкин. Шунингдек, аҳоли бу мактабда ўқувчилар учун ҳожатхона кўчада эканлигидан норози бўлган.

Аҳолининг сўзларига кўра, мактабда ҳали ҳеч ким ўқишни бошламай бино шу аҳволга келиб бўлган.

Олмаота вилояти ҳокими матбуот котиби Галимурат Жукел 15 август куни ОАВга берган изоҳида бино бир ой аввал кучли ёмғирдан «шикастланган»ини айтди. Шунингдек, ҳокимлик пудратчи мактабдаги камчиликларни 18 августгача «бартараф» қилишга ваъда берди. Галимурат Жукелнинг сўзларига кўра, масала Олмаота вилояти маъмуриятининг «назоратида».

Очиқ ҳожатхоналар ҳақида Жукелнинг таъкидлашича, ҳожатхоналар "мактаб биноси ичида ҳам, ташқарисида ҳам таъминланган".

Ulysmedia портали хабарига кўра, Қозоғистон таълим вазири Асхат Аямагамбетов мактаблар қурилиши бўйича ҳокимиятларга сўровлар юборган.

XS
SM
MD
LG