Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон чегара масалалари бўйича музокараларни фаоллаштирмоқда


Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев Қирғизистон томони 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида икки давлат раҳбарлари эришган келишувларни амалга оширишни бошлашга ва чегара масалалари бўйича музокаралар жараёнини фаоллаштиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Бу ҳақда у Тожикистон Республикаси (ТР) ҳукумат делегациясининг делимитация ва демаркация бўйича топографик ишчи гуруҳи раҳбари бўлган Тожикистон Ер тузиш ва геодезия давлат қўмитаси раиси Хожазода Ориф Ашури билан учрашувда маълум қилди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 12 август куни бўлиб ўтган ушбу музокаралар чоғида томонлар делимитация бўйича икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг топографик ишчи гуруҳлари фаолияти юзасидан фикр алмашган.

Қайд этилишича, Хўжазода Ориф Ашурий Тожикистон томонининг Тожикистон Республикаси ҳудудида топографик ишчи гуруҳларнинг навбатдаги йиғилишини ташкил этишга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Чўлпон-Отада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашувидан сўнг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон билан учрашди. Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Шундан сўнг, 22 июль куни Боткен вилоятида икки давлат ҳукумат делегациялари топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бошланди ва у 5 кун давом этди. Гуруҳларнинг аввалги йиғилиши 21-26 июнь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километрни ташкил этади, уларни аниқлаштириш ишлари 2002 йилда бошланган. 16 апрель куни Садир Жапаров 664 километр бўйича келишувни эълон қилган бўлса, 17 апрель куни Имомали Раҳмон бу маълумотни тасдиқлади.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги участкалар мунозарали бўлиб қолмоқда, бу ерда қишлоқлар, ҳатто баъзан икки республика аҳолисининг уйлари ҳам яқин жойда жойлашгани чегара чизиғини аниқлашни қийинлаштиради. Ушбу ноаниқлик туфайли қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида сув, қуруқлик ва алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тез-тез тўқнашувлар содир бўлади. Шу билан бирга, кўпинча қурол-яроғ қўлланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG