Ссылки доступа

Бахит Султонов Қозоғистондаги шакар билан боғлиқ вазият туфайли танбеҳ олгач, савдо вазири лавозимидан озод этилди


Бахит Султонов Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фармони билан Бош вазир ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири лавозимидан озод этилди. Тегишли фармон 15 август куни Оқорда сайтида эълон қилинди.

Бир ой олдин ҳукумат йиғилишида Бахит Султонов Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев билан бирга шакар билан боғлиқ вазият туфайли Тўқаев томонидан танбеҳ олган эди. Бахит Султонов кейинроқ ОАВда президентнинг танқидини “жуда тўғри” деб атади.

Султонов шакар билан боғлиқ вазият ва унинг нархи ошишига тўхталиб, импортга қарамлик туфайли шакарнинг нархи “истасанда ҳам, истамаганда ҳам кўтарилиши”ни айтди.

Қозоғистонда шакар тақчиллиги ва нархларнинг ҳаддан ташқари кўтарилиши ҳақидаги шикоятлар Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши сабабли Ғарб Россияга қарши санкциялар киритганидан кейин март ойида пайдо бўлган. Май ойининг охирида оммавий ахборот воситалари Россиядан этказиб бериладиган таъминотга боғлиқ бўлган баъзи ҳудудларда сотиладиган шакар танқислиги ҳақида хабар беришди. Шундан сўнг, мамлакатнинг қатор вилоятларида ижтимоий дўконларда бир киши бошига бир килограммдан ошмайдиган шакар сотила бошланди. Ҳатто бозорларда ҳам чекловлар кузатилди.

Аҳоли дўконларда шакар йўқлиги, нархларнинг ошиб кетганидан шикоят қилди. 26 июль куни шакар билан боғлиқ вазиятга бағишланган брифингда Бахит Султонов мавзуга оид саволлардан бирига жавоб берар экан, “асал қўшиб чой ичгани учун шакар истеъмол қилмаслигини” айтди.

Султонов ишдан бўшагач, шу кунгача Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги раиси лавозимида ишлаб келган Серик Жумангарин унинг ўрнига Бош вазир ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG