Ссылки доступа

Қозоғистон пойтахти ишчилари меҳнат шароитларини яхшилаш ва муносиб маош талаб қилишмоқда


15 август куни Қозоғистон пойтахтида турли қурилиш компанияларидан 30 га яқин ишчи «Жануя» маркази олдида йиғилиб, иш ҳақининг пастлиги ва ноқулай меҳнат шароитларидан шикоят қилди.

Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, уларнинг меҳнати паст баҳоланади, арматура ўймакорлиги, чиқинди чиқариш, материалларни ташиш каби қўшимча ишларга ҳақ тўланмайди. Ишчиларнинг айтишича, нархлар ошиши фонида қурилиш учун зарур бўлган материалларни ўзлари сотиб олишга мажбур бўлишган. Уларга кўра, пойтахтда икки мингга яқин қурувчи айнан шундай аҳволда.

— Вазият қийин. Бизнинг даромадимиз оилани боқишга, овқатга етмайди. Ҳатто болаларни мактабга тайёрлаш жуда қиммат. Нархлар ҳар куни ошиб бормоқда. Меҳнатимиз учун жуда кам тўланяпти, – дейди беш фарзанднинг отаси бўлган қурувчи.

Ишчилар, шунингдек, иш берувчилардан меҳнат шартномасини тақдим этишни талаб қилишди, чунки шартноманинг йўқлиги, қоида тариқасида, ишчи ҳуқуқларининг қўпол бузилиши билан якунланади.

Норозилик акцияси ўтказилган жойга қурилиш компанияларининг бирортасининг вакиллари ҳам келмади. Озодлик мухбири уларнинг айримлари билан боғланди, аммо жавоб ололмади.

Ўз навбатида, меҳнат инспекцияси вакили Ерлан Макашов "ишчилар асосан квадрат метр учун тўлов ставкаларини оширишни талаб қилмоқдалар, аммо биз давлат органи сифатида компаниялардан тўловни оширишни талаб қила олмаймиз", деди. Бу фуқаролик низоси бўлгани учун ишчилар судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, деди у.

"Ишчиларнинг талабларини тингладик. Бу масалалар пудратчилар билан муҳокама қилинади. Ишчилар, иш берувчилар учун белгиланган тариф нархи компаниялар ичида муҳокама қилинади. Қўшимча маълумот берамиз”, — деди Макашов.

Ишчилар 17 август куни яна йиғилиш қарорига келишди. Мазкур йиғилишга ҳокимлик ва қурилиш ташкилотлари вакиллари таклиф этилади.

XS
SM
MD
LG