Ссылки доступа

Миллий қаршилик фронти 40 нафар Толибонни қўлга олганини маълум қилди


Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Афғонистон Миллий қаршилик фронти (АМҚФ) Панжширда ўнлаб Толибон жангарилари қўлга олинганини маълум қилди. Толибон бу даъволарни «асоссиз» деб атади.

15 август куни Афғонистон Миллий қаршилик фронти саҳифасида Панжшир дарасида Толибон постларига уюштирилган ҳужум чоғида 5 нафар Толибон ҳалок бўлгани ва кўплари яралангани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Ҳаракат матбуот котиби Сибгатуллоҳ Аҳмадий твиттердаги саҳифасида Панжшир вилоятининг Аноб туманидаги Орзу водийсида 40 нафар Толибон қўлга олинганини маълум қилди.

Аввалроқ баъзи манбалар душанба куни Панжширда ўтказилган амалиёт чоғида «Толибон» гуруҳининг 25 нафар аъзоси ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди.

Бироқ, Толибон назорати остидаги Бохтар давлат ахборот агентлиги, ушбу гуруҳнинг Панжширдаги вакилларига кўра, "Ислом амирлиги мужоҳидларининг ушбу минтақада қўлга олингани ҳақидаги даъволарни рад этади".

Афғонистон Миллий Қаршилик Жабҳасининг Панжширдаги жанговар амалиётлари Кобулнинг Толибон томонидан босиб олинишининг бир йиллигига тўғри келди.

Панжширдан ташқари, АМҚФ шанбадан якшанбага ўтар кечаси Толибоннинг Кописо ва Парвон вилоятларидаги позицияларига ҳужум қилди.

Бугун, 16 сентябрь куни Ҳашти Субҳ веб-сайтида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, Миллий қаршилик фронти кучлари Таҳор вилоятининг Ишкашим туманида Толибон ҳарбий тузилмаларини қуршаб олган.

Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Миллий қаршилик фронти мана бир йилдан буён Панжшир дараларида, Кописо, Бағлон ва Тахор вилоятларининг бир қисмида Толибонга қарши кураш олиб боради.

Толибон 15 август куни Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олди, бироқ ҳозирча ҳеч бир давлат уларнинг ҳукуматини расман тан олмаган.

XS
SM
MD
LG