Унинг сўзларига кўра, январь ойидаги тартибсизликлар чоғида бир неча фуқаролар “талончилик ва ўғирлик” содир этганларида ҳалок бўлган.
“Олмаота, Қизилўрда, Тараз, Чимкент ва Атирау шаҳарларида ҳокимликлар, полиция, президент қароргоҳлари, телеминоралар, шунингдек, дўконлар ва бошқа объектларга қилинган қуролли ҳужумлар оқибатида 92 киши ҳалок бўлди”, — деди Қилимжонов.
Унга кўра, айрим фуқаролар қуролли ҳужумлар содир этилган жойларда бўлган.
“Жиноятчилар асосан турар-жой бинолари ҳовлиларида яшириниб, тўсатдан қуролли ҳужумлар уюштирган. Аксилтеррор операцияси чоғида ўзаро отишма натижасида айрим фуқаролар ўлимга олиб келувчи тан жароҳатларини олган. Бир неча фуқаролар турли тадбиркорлик объектларини талон-тарож қилиш ва ўғирлик қилиш чоғида ҳалок бўлди", деди Қилимжонов.
У, шунингдек, Олмаота шаҳри, Олмаота, Жамбил ва Қизилўрда вилоятларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг 19 нафар ходими ўлими ҳақида аввал эълон қилинган маълумотни такрорлади.
Умумий ҳисобда, Бош прокуратура маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар январь воқеалари чоғида одамларнинг ўлимига оид 200 та иш тергов қилинмоқда.
Шунингдек, 16 август куни бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура январь ойида ҳибсга олинганларни сўроқ қилиш чоғида хавфсизлик хизмати ходимларининг ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш фактларини тасдиқлади.
– Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ноқонуний сўроқ усулларини қўллаш натижасида оммавий тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилинган олти нафар шахс ҳалок бўлди. 15 нафар хавфсизлик хизмати ходими гумондор деб топилиб, уларга нисбатан турли профилактика чоралари қўлланилди, деди Қилимжонов.