Ссылки доступа

Туркияда Туркманистон консуллиги ходимлари фаоллар ва адвокатни калтаклашди


Туркманистонлик фаоллар 16 август куни туркиялик икки ҳуқуқбон ва адвокатлар дастаги билан Туркманистоннинг Истанбулдаги консулхонасига келиб, президент Сердар Бердимуҳамедовга очиқ хат топширмоқчи бўлишган, пировардида улар консуллик вакиллари томонидан калтакланишган.

Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) маълум қилди.

“Адвокат Гулден Сўнмез ва фаоллар хатни топшириш учун қўриқчидан бирор-бир ходимни чақириб беришни сўрашганида уларни консулхона ҳовлисига ўтказиб юборишган. Ҳужжатни консулхона вакилларига топшириш ҳаракати чоғида у ердан 6 нафар ходим чиқиб, фаолларни сўкиб, ҳақорат қилиб, калтаклай бошлашган”, деб ёзган ТХЖ.

Жамғарма қайдича, консуллик вакиллари икки аёл ва уч эркакни дўппослашган. “Улардан бирини ерга ётқизиб олиб уришган, ҳатто адвокатга ҳам ташланишган”, дея иқтибос келтиради воқеа гувоҳлари сўзларидан ТХЖ. Ҳодиса чоғида бошига оғир матоҳ билан урилган фаол Атамурад Сапаров жиддий жароҳат олгани, врачлар унга илк ёрдамни кўрсатишгани айтилган.

Июнь ойида туркманистонлик муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам бериб юрган туркиялик адвокат Гулден Сўнмез Истанбулдаги судлардан бирига Туркманистон расмийларига қарши жиноят иши очиш тўғрисида ариза топширган эди. Туркия нашрлари хабарига кўра, даъво аризасида туркманистонлик саккиз нафар собиқ ва амалдаги мансабдорлар фамилиялари келтирилган бўлиб, улар орасида собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, ички ишлар вазири Муҳаммед Хидиров ва бошқаларнинг исмлари бор эди.

Адвокат Сўнмезнинг мижозлари бўлган ва Туркияда юрган туркманистонликлар узоқ йиллар мобайнида паспортлари муддатини узайтириш ва бу мамлакатда қонуний асосда юриш учун ҳужжат расмийлаштириш имкониятидан маҳрум эканларидан шикоят қилиб келмоқдалар. Улар ўз ҳуқуқлари асосий ҳужжатларни беришдан (шу жумладан никоҳни қайд эттириш ва янги туғилган чақалоқларга гувоҳнома беришдан) бош тортаётган Туркманистоннинг Туркиядаги консуллиги томонидан бузилаётганини айтишяпти.

Туркия расмийлари тарқатган маълумотга кўра, Туркияда шу кунда бир неча юз минг нафар туркманистонлик истиқомат қилади. Мустақил манбалар маълумотига кўра эса уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп. Уларнинг кўпчилиги ҳужжатлари муддати ўтиб кетгани сабабидан нолегал мақомга эга бўлиб қолишган. Туркман расмийлари одатда миграцияга оид маълумотларни эълон қилишмайди.

XS
SM
MD
LG