Ссылки доступа

Саудияга ҳафтасига 14 та авиарейс қўйилиши кутилмоқда


Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс қўйилиши кутиляпти. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев маълум қилди.

Вазирлик вакилининг айтишича, президентнинг давлат ташрифи доирасида авиақатновлар борасида меморандум имзоланган. Унга кўра, икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та авиарейс қатнови йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Рейслар Ўзбекистондан Саудиянинг Ар Риёд, Жидда ва Мадина шаҳарларига амалга оширилади. Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларидан рейс қўйилиши ҳозирча маълум эмас.

Жасур Чориев шу вақтгача Ўзбекистондан Саудияга фақат ҳаж ва умра зиёрати учун рейслар қўйилгани, эндиликда бошқа мақсадда борувчилар ҳам, хусусан, тадбиркорлик билан шуғалланадиганлар ҳам парвозлардан фойдаланиши мумкинлигини айтган.

«Flynas» раҳбарининг айтишича, Жиддадан Тошкентга сентябр ойидан бошлаб ҳафтасига учта рейс қўйиш борасида келишиб олинган. Шунингдек, компания бошқарув раиси саудияликларга Ўзбекистоннинг гўзал жойларини сайёҳлик йўналиши сифатида таклиф қилинишини айтган. Шавкат Мирзиёев «Flynas»га барча шароит яратиб берилишини айтиб, бошқа ҳеч бир хорижий авиакомпанияга бундай эркинлик тақдим этилмаганини таъкидлади.

Аввалроқ саудияликлар учун Ўзбекистонга боришда визасиз режим жорий қилинганди. Унга кўра, саудияликлар 30 кун давомида Ўзбекистонда визасиз бўлиши мумкин. Янги тартибга кўра Ўзбекистонга келган саудияликлардан бу вақт ичида Саудияга ёки учинчи давлатга жўнаш учун чипталари бўлишигина талаб қилинади.

XS
SM
MD
LG