Ссылки доступа

Қирғизистонда блогер Адилет Балтабай ҳибсда қолдирилди


Бишкек шаҳар суди Next TV телеканали мухбири, Адилет Балтабай номи билан танилган Адилет Али Миқтибекка нисбатан эҳтиёт чораси бўйича ишни кўриб чиқди.

Бу ҳақда Next TV телеканали эгаси, сиёсатчи Равшан Жеенбеков «Азаттйк»га маълум қилди.

Унинг қайд этишича, Адилет Балтабай ҳибсда қолдирилган. Судда фаолнинг яқинлари ва тарафдорлари иштирок этиб, унинг ҳибсдан озод этилишини талаб қилган.

“Суд Адилатни бугун озод қилади, деб умид қилгандик. Мен она сифатида ўғлимнинг ёлғизликда сақланишидан жуда хавотирдаман. Ҳар бир онанинг ўғлининг бошига шундай ноҳақлик юз берса, қалби оғрийди. Ҳурматли Садир Нургожоевич, президент лавозимига киришганингизда, сиз Конституциянинг кафолати бўлишга ва Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда берган эдингиз”, — деди блогернинг онаси журналистларга.

Шаҳар суди блоггерни ҳибсда қолдириш ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Қайд этилишича, адвокатларнинг Первомай туман судининг эҳтиёт чорасини 29 августгача узайтириш ҳақидаги қарори устидан берган шикояти кўриб чиқилган. Шаҳар суди биринчи инстанциянинг июль ойида қабул қилинган қарорини ўз кучида қолдириб, шикоятни қаноатлантирмади.

Ижтимоий тармоқларда Адилет Балтабай номи билан танилган Адилет Али Миқтибек 30 июнь куни Первомайский ички ишлар бошқармасига сўроққа чақирилган. Бунгача у турли тадбирларда фаол сўзга чиқиб, уларни ёритиб турарди. Полициянинг тушунтиришича, блогер Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар”) бўйича олиб борилаётган жиноят иши доирасида суҳбатга таклиф қилинган. Шу куни у 48 соат ҳибсга олингани маълум бўлди. Адилет Али Миқтибек тартибсизликларга чақирганликда гумон қилинмоқда.

Блогернинг хабар беришича, унинг Фейсбукдаги постлари орасидан 20-30 га яқини танланган, уларда экспертиза тартибсизликларга чақириқларни тасдиқлаган.

XS
SM
MD
LG