Ссылки доступа

Тожикистонлик журналист Далери Имомали иши бўйича тергов якунланди - манбалар


Журналист Далери Имомали устидан жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етди ва иш яқин кунларда судга топширилади, деб хабар қилди Озоди радиосига манбалар.

Тожикистон расмийлари журналист ишининг ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти, адвокат ҳам иш ошкор этилмагани ва таснифланмагани учун сукут сақламоқда.

Ишончли манбалар Озоди радиосига 22 август куни жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етгани ва иш яқин кунларда судга етказилишини маълум қилди.

Далери Имомали "тақиқланган сиёсий партиялар, жамоат ва диний бирлашмалар фаолиятида иштирок этиш"да гумон қилинмоқда. Журналист шунингдек, “ноқонуний тадбиркорлик” ва “жиноят ҳақида атайлаб ёлғон маълумот бериш”да ҳам айбланмоқда.

Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур тумани прокуратураси ходимлари 15 июнь куни кечқурун Далери Имомалини сўроқлардан сўнг қўлга олди. Бир неча соатдан кейин унинг репортажларининг муаллифларидан бири Абдулло Гурбатий ҳибсга олинди. Уларга нисбатан жиноий иш очилган. Журналистлар ҳамкорликда ишлаб, давлат органлари фаолиятига оид қатор танқидий хабарлар тайёрлади. Улар томонидан тайёрланган видеолар бир миллионгача кўрилди.

Ўтган ҳафта журналист Абдулло Гурбатийга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов якунлангани, иш Душанбенинг Шомансур тумани судига ўтказилгани маълум бўлди. Мухбир давлат амалдорини омма олдида ҳақорат қилиш, ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қўллашда иштирок этишда айбланмоқда.

Далери Имомали ва Абдулло Гурбатийнинг ҳибсга олиниши мамлакатда ва хорижда салбий муносабат уйғотди. Бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмийларни икки блогерга қўйилган айбловларни олиб ташлашга ва уларни озод қилишга чақирди. Расмийлар бу баёнотларга жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG