Ссылки доступа

Россиядаги йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг жасадлари Қирғизистонга етказилди


Россиянинг Уляновск вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари Қирғизистонга етказилди. Самолёт Ўш аэропортига қўнди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Уляновск вилоятига ҳалок бўлганларнинг жасадлари учун махсус самолёт – Авиа Траффис компанияси самолёти учгани хабар қилинганди.

Маҳаллий ОАВларнинг бош вазир ўринбосари Бахит Торобоевга таяниб хабар беришича, Россиянинг Уляновск вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган 14 нафар қирғизистонликнинг яқинларига президент жамғармасидан 300 минг сом (3,7 минг доллардан ортиқ) ажратилган.

Унинг қайд этишича, Уляновск вилоят клиник марказида даволанаётган омон қолган уч кишига ҳам худди шундай ёрдам кўрсатилади.

Россиянинг Уляновск вилоятида 21 август куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса Қирғизистоннинг 14 фуқаросининг ҳаётига зомин бўлди. Уларнинг барчаси Россия Федерациясида ишлаш учун вақтинча бўлган меҳнат муҳожирлари эди. Юк ташувчи автомобиль йўлда тиқилинч туфайли навбатда турган микроавтобусга катта тезликда орқадан келиб урилган ва уни олдидаги оғир юк машинасига итариб юборган, натижада йўловчилар бўлган автомобилни икки юк машинаси босиб кетган.

Ҳодиса оқибатида жами 16 киши ҳалок бўлди, яна уч киши оғир аҳволда энг яқин шифохонага ётқизилди. Кейинроқ маълум бўлишича, жабрланганлардан икки нафари умумий палатага ўтказилган, учинчиси оғир аҳволда ҳамон реанимацияда.

Яраланганлар, шунингдек, ҳалок бўлган 14 нафар фуқаро қирғизистонликдир. Қирғизистонда 23 август миллий мотам куни деб эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG