Ссылки доступа

"Бизнинг ҳамкорлигимиз хавф остида эмас". Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг баёнотига Душанбенинг муносабати


Николай Патрушев и Владимир Путин. Архивное фото
Николай Патрушев и Владимир Путин. Архивное фото

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби АҚШнинг Тожикистондаги марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилган “Минтақавий ҳамкорлик 2022” қўмондонлик-штаб машғулотларидан хавотир билдирди.

Бунга жавобан тожикистонлик ҳамкасби Тожикистон ва Россия ўртасидаги стратегик муносабатлар хавф остида эмаслигини айтди.

10—20 август кунлари Душанбе шаҳрида АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Покистон ва Мўғулистон ҳарбий хизматчилари иштирокида “Минтақавий ҳамкорлик – 2022” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Тожикистон ва АҚШ Фахробод ўқув марказида беш кунлик икки томонлама дала машғулотларини ҳам ўтказди.

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий машғулотларга қизиқишини потенциал амалиётлар театрини ўрганиш, истиқболли нишонлар координаталарини аниқлаштириш, шунингдек, юқори аниқликдаги қуроллар учун рақамли хариталарни тузатиш имконияти сифатида тушунтирди.

Патрушевнинг баёноти Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари Хавфсизлик кенгашлари котиблари сентябрга белгиланган саммит кун тартибини муҳокама қилганда янграган. Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши котибининг нутқидан парчалар 23 август куни Аргументы и факты" ҳафталик нашрида чоп этилди.

Патрушев Вашингтон ҳали ҳам Афғонистонга қўшни давлатлар билан “у ерда аксилтеррор амалиётларини ўтказиш мақсадида вақтинчалик инфратузилма яратиш” бўйича келишувга эришишга уринаётганига эътибор қаратди. “Биз 10 август куни АҚШ қўмондонлигида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Покистон ҳарбий хизматчилари иштирокида бошланган “Минтақавий ҳамкорлик-2022” машғулотларига шу нуқтаи назардан қараймиз”, деди у. “Умид қиламанки, ШҲТга аъзо барча давлатлар ҳозирда Американинг ушбу ташаббуслари бизнинг хавфсизлигимиз учун ўта юқори хавф туғдираётганидан хабардор”, - дея қўшимча қилди Патрушев.

У қандай "юқори хавфлар" ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади. Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ва АҚШнинг Владимир Зеленский ҳукуматига ҳомийлиги Вашингтон ва Москва муносабатларининг кескин ёмонлашишига олиб келди. Украинада жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери АҚШ томонидан Киевга кўрсатилган ҳарбий ёрдамнинг умумий ҳажми аллақачон 10 миллиард доллардан ошди.

Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода 23 август куни Озоди радиоси илтимосига биноан россиялик ҳамкасбининг баёнотини шарҳлар экан, шундай деди: “Жаноб Патрушевга шуни айтмоқчиманки, биз Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкорлик қиламиз ва бу ҳамкорлик ўзгаришсиз қолмоқда. Тожикистон ва Россия ўртасидаги стратегик муносабатларга ҳеч нарса таҳдид солмайди”.

Тожикистон ўзининг ташқи сиёсатида “очиқ эшиклар” сиёсатига амал қилади ва дунёнинг барча давлатлари, жумладан, АҚШ ва Европа давлатлари билан конструктив ҳамкорлик тарафдори.

10 август куни АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершейм “Минтақавий ҳамкорлик 2022” ҳарбий машғулотлари иштирокчиларини қутлади ва бу машғулотлар АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари иштирокидаги энг йирик ҳарбий машғулотлари эканлигини таъкидлади. Машқлар “минтақадаги ҳамкорларимиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун ноёб имконият яратади”, деди у.

XS
SM
MD
LG