Ссылки доступа

Тожикистон ҳукумати бир гуруҳ афғон муҳожирларини ўз ватанларига чиқариб юборди


Афганистан. Фото из архива
Афганистан. Фото из архива

Сўнгги кунларда Тожикистондан камида 9 нафар Афғонистон фуқароси депортация қилинди. Расмийлар афғон қочқинлари билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермаяпти.

Ишончли манбанинг Озоди радиосига 24 август куни маълум қилишича, афғон қочқинларини ҳайдаш ўтган ҳафта охирида бошланган. “Давлат хавфсизлик ходимлари қочқинларни Афғонистон билан чегарага олиб келиб, мамлакатдан чиқариб юборишган. Нима учун бундай вазият юзага келди, биз билмаймиз. Айрим афғон қочқинлари шахсини текшириш учун маҳаллий хавфсизлик идораларига таклиф қилинган, баъзилари эса тўғридан-тўғри уйларидан олиб кетилган”, — деди исмини ошкор қилишни истамаган манба.

Икки манбанинг Озоди радиосига маълум қилишича, ўтган ҳафтада камида 9 нафар Афғонистон фуқароси Тожикистондан чиқариб юборилган. Депортация қилинганлар сони анча кўп бўлиши мумкин, дейди улар. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Душанбедаги ваколатхонаси қочқинлар чиқариб юборилганидан хабардор эканликларини билдирди ва бу ҳақда тез орада расмий эълон қилинишига ишонтирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг хабар беришича, йил бошидан буён Афғонистоннинг 32 нафар фуқаросига нисбатан мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликлари юзасидан баённомалар тузилган. “Уларнинг барчаси жаримага тортилган, ҳеч ким мамлакатдан чиқариб юборилмаган”, — дея қўшимча қилди матбуот маркази.

Қочқинларнинг мажбуран қайтиши ҳақидаги хабарлар Тожикистонда яшовчи бошқа афғонларни ҳам жиддий безовта қилган. Улардан баъзилари депортация таҳдиди туфайли уйларини тарк этмаганликларини Facebookdдаги саҳифаларида ёзишган.

Қочқинлар билан ишловчи ташкилотлардан бирининг ходими БМТнинг Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциясининг 33-моддасига кўра, қочқинларни чиқариб юбориш ёки уларни мажбуран қайтариш (улар келган мамлакатларга) тақиқланганлигини айтди. Ушбу моддада айтилишича, Аҳдлашувчи давлатлар қочқинларни ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий қарашлари туфайли ҳаёти ёки эркинлиги хавф остида бўлган мамлакат чегараларига ҳеч қандай тарзда чиқариб юбормайди ёки қайтармайди.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ёзига келиб Тожикистонда 8500 дан сал кўпроқ афғон қочқин ва бошпана изловчи бор эди. Улардан 5700 нафари ўтган августда Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин келган. Кўпчилик афғон қочқинлари радикал Толибоннинг қатағонидан қўрқиб, Тожикистонга қочиб кетишганини даъво қилмоқда. "Уйга қайтиш ўлишни англатади", дейишади улар. Айни пайтда кўплаб афғон қочқинлари Тожикистонни транзит мамлакат деб билади ва бу ердан Канада ёки Европа давлатларига боришга ҳаракат қилади. Ўтган йил давомида 4000 га яқин афғон қочқинлари Тожикистондан учинчи давлатларга кўчирилди, дея хабар беради БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги.

XS
SM
MD
LG