Ссылки доступа

Европарламент депутатлари Жанболат Мамайни озод қилишни талаб қилишди


Қозоғистонда амалий ташриф билан бўлган Европарламент аъзолари сиёсий ва жамоат фаолларига нисбатан таъқиб ва ​​қўрқитишни зудлик билан тўхтатиб, барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди.

Қозоғистонда амалий ташриф билан бўлган Европарламент депутатлари сиёсий ва жамоат фаолларига нисбатан таъқиб ва қўрқитишни зудлик билан тўхтатиш, барча сиёсий маҳбуслар, хусусан, ҳибсдаги қозоғистонлик журналист, рўйхатдан ўтмаган Демократик партия етакчиси Жанболат Мамайни озод қилишга чақирди.

Рўйхатдан ўтмаган Демократик партиянинг 34 ёшли етакчиси Жанболат Мамай 26 февралдан бери панжара ортида ўтирибди. У январь ойида “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш”, “ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш” ва “тартибсизликлар уюштириш”да гумон қилинмоқда. Freedom House халқаро ноҳукумат ташкилоти Жанболат Мамай "тинч намойиши учун янги айбловлар қўйилганидан" хавотир билдирди. Аввалроқ Amnesty International ва Human Rights Watch Нур-Султонни фаолни озод қилишга чақирган эди.

Ҳукуматни танқид қилувчи, рўйхатдан ўтмаган Демократик партия вакиллари кўпинча ҳокимият босимидан шикоят қилади. Илгари улар турли моддалар бўйича маъмурий қамоққа олинган.

22-24 август кунлари Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмитаси делегацияси ўз ташрифи чоғида инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, олий даражадаги ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Европарламентнинг тўртта аъзоси – Кристиан Сагарз (делегация раиси), Начо Санчес Амор, Силвиа Сардоне ва Ришард Шарнецкидан иборат делегация Қозоғистон пойтахтида парламент мажлиси депутатлари, Қозоғистон ҳукумати вакиллари, жумладан, вазирлар билан учрашди. Ташқи ишлар, адлия, ахборот ва энергетика вазирлиги, шунингдек, Қозоғистон Омбудсманı ва Бош прокурор ўринбосари билан ҳам учрагувлар ташкиллаштрилгани айтилади. Депутатлар, шунингдек, БМТнинг доимий координатори ва БМТнинг Минтақавий ҳамкорлик бўйича бошқармаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси вакиллари билан ҳам учрашди.

Олмаотада Европарламент депутатлари фуқаролик жамияти ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, жумладан, Қозоғистондаги январь воқеалари ва конституциявий ислоҳотлар бўйича терговга оид ҳисоботларини тинглади. Хабар қилинишича, депутатлар қийноқ қурбонлари билан учрашган.

Фуқаролик жамияти вакиллари ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Европарламент депутатлари билан учрашувлар ҳақида ёзишган.

Европалик депутатлар Қозоғистоннинг “минтақадаги ишончли ва барқарор ҳамкор ва кенгроқ Осиёга эшикларни очувчи” ролини таъкидладилар, Қозоғистон геосиёсий вазият туфайли бошдан кечираётган босимни қайд этди ва “мамлакатнинг Европа Иттифоқига мувофиқлигини юқори баҳолади. Россияга қарши санкциялар”, бироқ айни пайтда сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигидаги сўнгги тенденциялардан хавотир билдирди.

Шунингдек, улар “яқинда ўлим жазосининг бекор қилиниши ижобий ҳолат бўлсада, инсон ҳуқуқлари, асосий сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, янги сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш бўйича амалиётда ҳали кўп ишлар қилиниши керак, дея баёнот қилишди.

“Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари ҳамма учун, ҳамма жойда амал қилади. Биз мамлакатда фуқаролар учун демократик тузилмаларни такомиллаштириш бўйича сўнгги саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз. Биз уларни диққат билан кузатиб борамиз ва тез амалга оширилишини кутамиз. Қозоғистон ўз фуқароларида, шунингдек, халқаро ҳамжамиятда ишонч уйғотиши учун январь воқеалари бўйича тергов натижаларини тезроқ эълон қилишга чақирамиз”, - деди Кристиан Сагарз.

Аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Нур-Султонни январь воқеаларини ҳар томонлама ва холисона текшириш, шунингдек, халқаро комиссияни терговга қабул қилишга чақирган эди. Нур-Султон барча чақириқларни рад этди.

XS
SM
MD
LG