Ссылки доступа

Қирғизистон Бош прокуратураси: Беларус Бакиев сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблайди


Қирғизистон Бош прокуратураси Беларус бош назорат органига Қирғизистоннинг қочқин президенти Қурманбек Бакиевга нисбатан Ҳарбий суд ҳукмларини тан олиш ва ижро этиш бўйича илтимоснома юборди.

Бу ҳақда Азаттйкга Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, собиқ президентни жиноий жавобгарликка тортиш талаби билан Беларусга тўртта сўров юборилган. Бироқ Беларус томони Бакиевни “сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинган” деб ҳисоблаб, уни экстрадиция қилишдан яна бир бор бош тортди.

“Беларус Республикаси Олий суди аризани қаноатлантиришни рад этди. Улар унинг судланганлигини сиёсий сабабларга кўра таъқиб, деб ҳисоблашди”, — дея таъкидлади Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси.

Жорий йилнинг июль ойи бошида Қурманбек Бакиев “Жани Ордо” газетасига берган интервьюсида ўзига қарши қўзғатилган ишлар бўйича саволларга онлайн форматда жавоб беришга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, у “халқ олдида Бакиев номини тоза сақлаш учун ҳамма нарсага тайёр”.

Қурманбек Бакиев 2005 йилда март инқилоби натижасида ҳокимиятга келган, 2010 йил апрель воқеаларида ҳокимиятдан ағдарилган. Қурманбек Бакиев режимига қарши намойиш чоғида 90 киши ҳалок бўлган. Кейинроқ Бакиев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этиб, Беларусдан бошпана олди.

Қирғизистонда Қурманбек Бакиев сиртдан 30 йилга, унинг укаси, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Жаниш Бакиев умрбод қамоқ жазосига, ўғли Марат эса 30 йилга озодликдан маҳрум этилди. Кичик ўғли Максим Бакиев қатор жиноятларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2021 йил апрелида Бош прокурор Қурманқул Зулушев Бакиевларни Қирғизистонга экстрадиция қилишга уринишлар ҳақида маълум қилган эди. Аммо, унинг сўзларига кўра, Беларус уларни экстрадиция қилишдан бош тортмоқда.

XS
SM
MD
LG