Ссылки доступа

Қирғизистон элчиси Тожикистон вазирлари билан чегара ҳудудидаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди


Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев 23 август куни Душанбеда Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода билан икки томонлама ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини, жумладан, миграция ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларини муҳокама қилди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида томонлар икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги яқин ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидладилар.

ТИВ маълумотларига кўра, Тожикистон ИИВ раҳбари Афғонистон шимолида фаолият юритаётган халқаро террорчилик ташкилотлари таҳдиди сақланиб қолаётганини таъкидлаб, “бу йўналишда вазият кескинлашувининг олдини олиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар” зарурлигига эътибор қаратган.

22 август куни Эрлан Абдилдаев Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имоми билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, трансчегаравий ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

“Томонлар чегара ҳудудида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида икки давлатнинг чегарадош вилоятлари маҳаллий аҳолиси ўртасида ишончни тиклаш ва мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш зарурлигига эътибор қаратди”, — дея хулоса қилди ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километрни ташкил этади, уларни аниқлаштириш ишлари 2002 йилда бошланган. Апрель ойида мамлакатлар 664 километрлик умумий чегара ҳақида келишиб олгани эълон қилинган эди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги участкалар мунозаралилигича қолмоқда, бу ерда қишлоқлар, ҳатто баъзан икки республика аҳолисининг уйлари ҳам яқин жойда жойлашгани чегара чизиғини аниқлашни қийинлаштиради. Ушбу ноаниқлик туфайли қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида сув, қуруқлик ва алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тез-тез тўқнашувлар содир бўлади. Шу билан бирга, кўпинча қурол-яроғ қўлланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG