Ссылки доступа

Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатилганидан қарийб 9 ой ўтиб очилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни Урганчда саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини очиб берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Экспертлар 2 миллион долларга баҳолаган мазкур ҳайкал Хоразм вилояти марказида 2021 йилнинг декабрь ойи бошида ўрнатилган, бироқ ҳалигача расман очилган эмасди.

Йигирма беш метрлик отлиқ Жалолиддин Мангубердининг бронзадан ясалган ҳайкали Россиядаги “Лит-Арт” ҳайкалтарошлик комбинатида қуйилган.

Аслида Мангуберди ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ерости йўли қурилиши ўтган йилнинг апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди, аммо ер остидан сув сизиб чиққани сабабли қурилиш ишлари чўзилган. Аввалроқ ҳайкал қурилишида қатнашган муҳандислар Озодликка ерости йўлига қўшимча маблағ ҳисобига дренажлар ўрнатилганини айтишган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида очилган Жалолиддин Мангубердининг янги ҳайкали Каримов даврида қурилган эски ҳайкал ўрнида қад ростлаган. Бу ҳолат маҳаллий мутахассислар танқидига учраган. Уларга кўра, янги ҳайкал учун кетган миллионлаб доллар маблағ минтақа инфратузилмасини яхшилашга сарфланиши мумкин эди.

XS
SM
MD
LG