Ссылки доступа

Ўзбекистон илк бор болалар учун ковидга қарши Pfizer вакцинасини қабул қилиб олди


Ўзбекистонга COVAX механизми доирасида коронаврусга қарши 201 600 доза Pfizer болалар учун вакцинаси келтирилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар берди.

Европа Иттифоқи ва Швеция ҳукуматининг ушбу хайрияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 5−11 ёшли болаларни вакцинасия билан қамраб олиш ва мамлакатда COVID-19`нинг янги штаммлари тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

«Ўзбекистонда 5−11 ёшли болаларни Pfizer вакциналари билан ихтиёрий равишда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш халқаро ва миллий экспертларнинг тавсиялари ҳамда аҳоли мурожаатлари асосида тасдиқланган. Бугун олинган 201 600 доза болалар вакцинаси Ўзбекистонда болаларни COVID-19`дан ҳимоя қилишга ёрдам беради», — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

«COVID-19`нинг янги вариантлари пайдо бўлиши билан боғлиқ юзага келаётган эпидемиологик вазият ва унинг болаларда кечишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб пандемиянинг олдини олиш учун болаларни ушбу инфекцияга қарши эмлаш мақсадга мувофиқ ва ниҳоятда муҳим деб ҳисобланади. Хитой, АҚШ, Канада, Исроил, Европанинг бир қанча мамлакатлари ва Лотин Америкаси давлатларида болаларни коронавирус инфекциясига қарши эмлаш фаол равишда амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

ЮНИСЕФ вакциналарнинг адолатли тақсимланишига устувор аҳамият беради. Бугунги кунга қадар Ўзбекистонга COVAX механизми орқали жами 21,2 миллион доза вакциналар етказилди, жумладан:

Astra-Zeneca — 2,15 миллион;
Moderna — 10,68 миллион;
Pfizer — 6,62 миллион;
Sinovac — 1,77 миллион доза.

ССВ маълумотига кўра, шу кунга қадар республика бўйлаб эмлаш жараёнларида 66 млн дозага яқин вакцинадан фойдаланилган. Вазирлик хабарига кўра, ҳозирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакцина сақлаш омборхоналарида 5,9 млн доза вакцина заҳираси мавжуд. Ўзбекистон аҳолисининг 16,1 миллион нафардан ортиғи ковидга қарши тўлиқ эмланган. Ўтган 16 ойлик эмлаш жараёнида жами 62,3 миллион дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилган.

XS
SM
MD
LG