НАСА мазкур билдирувда хавфлар юқори бўлгани ортидан парвоз қолдирилиши ёки муддатидан олдин якунланиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Расман билдирилишича, кейинги парвоз 2 ёки 5 сентябрь кунлари амалга оширилиши мумкин.
“Артемида – 1” деб номланган миссия доирасида SLS ракетаси учта тажриба манекени ўрнатилган “Орион” кемасини коинотга олиб чиқиши лозим эди. Олимлар олти ҳафта мобайнида манекенлар воситасида вибрация, тезлик ва нурланиш даражасини мингдан ортиқ ускуналар воситасида назорат қилиб боришни кўзлаган.
Агар мазкур миссия муваффақиятли якунланса, АҚШ 2024 йилнинг иккинчи ярмида Ой орбитасига астронавтларни учиради. Орадан бир ой ўтгач эса Ойга яна астронавтлар туширилади.
Бугунга қадар фақат Россия, АҚШ ҳамда Хитой Ердан 384 минг километр масофада жойлашган Ойга космик кема қўндиришга муваффақ бўлган. Аммо фақат АҚШ астронавтларигина Ойга қадам қўйган. Шунга қарамай, 1972 йилдан бери АҚШ Ойга ўз миссиясини юбормаган.
НАСАнинг Ойга яна одам чиқариш лойиҳаси АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда. “Артемида” лойиҳасидан асосий мақсад Ойда одамнинг узоқ вақт қолишини таъминлашдир. Мазкур лойиҳада Европа коинот агентлиги, Япония, Канада, Австралия, Британия, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Люксембург ва Украина иштирок этмоқда.
“Орион” кемасини Ойга олиб чиқадиган ўта оғир SLS ракетасини учириш техник сабабларга кўра бошқа кунга қолдирилди. НАСА ракета 29 август куни АҚШ вақти билан соат 8:33 (Тошкент вақти билан 17:33)да Флоридадаги Канаверал космодромидан учирилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.