Расман билдирилишича, “Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра” Ўзбекистон Бош прокуратураси мана шундай қарор қабул қилган.
Жамоат кафиллиги асосида бўшатилганларга белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси эса жамоатчилик назорати ва уй қамоғига алмаштирилди.
Расмий билдирувда айтилишича, уларнинг “Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда содир этган қилмишларидан пушаймон эканлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, шунингдек, оилавий шароити оғир эканлиги, баъзи шахсларнинг оилада ёлғиз боқувчи бўлганлиги эътиборга олинди”.
1-2 июль кунлари Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши Нукусда ўтказилган оммавий норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.
Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.
Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан қўлга олинганлардан 24 нафари жамоат кафиллиги асосида уй қамоғига чиқарилди ва оиласига қайтди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати маълум қилди.