Ссылки доступа

Австралияда тожикистонлик биохимик уч ярим йилга қамалди


Австралия суди тожикистонлик Абдусалом Одиназодани террорчиликни тарғиб қилишда айбдор деб топди ва уч ярим йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Одиназода 2022 йилнинг 22 декабрида Перт шаҳрида интернет орқали террорчиликни тарғиб қилишда ва экстремистик мазмундаги материалларни тарқатишда гумонланиб қўлга олинган эди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, суд ҳукмида Ғарбий Австралия университетининг собиқ ўқитувчиси бўлган биохимик Абдусалом Одиназода 2023 йилнинг августида шартли равишда қамоқдан озод қилиниши мумкинлиги қайд этилади.

Суд ҳукмида таъкидланишича, Одиназода 2019 йилнинг январидан 2020 йилнинг декабригача ўзининг YouTube каналида Тожикистонда ҳокимиятни ағдариш ва халифалик ташкил этишга чақирувчи видеоларни жойлаб келган. У Толибонни ва “Ислом давлати” жангариларини олқишлаш билан шуғулланган.

54 ёшли Одиназода қамоққа олингунига қадар ўн йил давомида Перт шаҳридаги Ғарбий Австралия университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Тожикистон ҳукумати ҳозирча мазкур хабарга муносабат билдирмади. Душанбе расмийлари 2018 йилда Абдусалом Одиназодага нисбатан интернет орқали конституциявий тузумни куч билан ағдариш ва экстремистик фаолиятга чақириш айбловлари билан жиноят ишлари қўзғатилганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG