Ссылки доступа

Толиблар яна Тошкентдан Ўзбекистонга олиб ўтилган вертолётларни қайтаришни талаб қилишмоқда


“Толибон” ҳаракати вакиллари ўтган йили афғон учувчилари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган учоқ ва вертолётларни Кобулга қайтаришни сўрашмоқда.

“TOLO news” хабарига кўра, “Толибон” шакллантирган ҳукуматда мудофаа вазири вазифасини бажараётган Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид куни кеча Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида бу икки мамлакатга олиб ўтилган “МИ-17” вертолётларини тилга олган.

Мужоҳидга кўра, мазкур вертолётлар олиб қочилган бошқа учоқлар каби “афғонистонликлар мулкидир”.

“Улар вертолётларни Афғонистонга қайтаришга америкаликлар изн беришмаётганини айтишмоқда. Биз бу ҳақда америкаликлар билан гаплашиб, улар Афғонистон миллатига тегишли эканини, кимнингдир шахсий мулки эмаслигини айтдик. Пировардида бу мулк Афғонистонга қайтарилиши лозим”, деган “Толибон” вакили.

Аввалроқ АҚШ аввалги ҳукуматга тақдим этилган ҳарбий учоқларнинг ҳеч қайсиси Афғонистон Ислом Амирлигига қайтарилмаслигини очиқлаган.

Толиблар жорий йилнинг январь ойида ҳам Тошкент ва Душанбедан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган учоқ ва вертолётларни қайтаришни сўрашган эди. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев май ойида “Америка овози”га берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга Афғонистон ҳудудидан учиб келган ҳарбий авиатехникаларни Толибонга қайтармоқчи эмаслиги, чунки улар Қўшма Штатлар мулки бўлиб ҳисобланишини билдирган.

XS
SM
MD
LG