Ссылки доступа

Бишкекда ҳибсга олинган блогерларни қўллаб-қувватлаш митинги милиция томонидан тўхтатилди


30 август куни Бишкекда Ҳукумат уйи ёнида ҳибсдаги блогерлар Адилет Али Мийктийбек ва Ирийскелди Жекшеналиевни қўллаб-қувватлаш мақсадида норозилик акцияси ўтказилди.

Митингга келган фуқаро фаоли Бурулкан Усмуналининг Озодликка айтишича, милиция ходимлари уларга тинч пикет ўтказишни тақиқлаган.

“Улар бизнинг намойишимизга халақит беришди. Мен Конституцияни ҳимоя қилдим ва тинч йиғилиш ўтказишга ҳақлимиз, деб эълон қилдим. Аммо рад этиш суднинг 11 апрелдаги қарори асосида амалга оширилди, унга кўра митинглар фақат Горкий майдони ҳудудида ўтказилиши мумкин. Милиция талаби ноқонуний”, - дейди фаол.

Ижтимоий тармоқларда Адилет Балтабай номи билан танилган Адилет Али Мийктийбек июнь ойи охирида тартибсизликлар уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Блогернинг хабар беришича, унинг Фейсбукдаги 20-30 га яқин постлари танлаб олинган, уларда экспертиза тартибсизликларга чақириқларни тасдиқлаган.

Первомайский туман суди қарори билан у бир ой муддатга - 29 июлга қадар тергов изоляторида ҳибсга олинган. 27 июль куни суд унинг қамоқ муддатини узайтирди.

Жорий йилнинг 14 август куни тармоқдаги «Полит Узник» саҳифаси маъмури Ийрмйскелди Жекшеналиев Қирғизистон Республикаси ИИВ Тергов хизматига сўроққа чақирилиб, сўнгра пойтахт милициясининг вақтинчалик ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ундан олдин «Полит Узник» саҳифасида у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбоевнинг Жетим-Тоо кони ҳақидаги узоқ йиллик видеомурожаатини эълон қилган эди.

Жекшеналиевга нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 3-қисми (“Давлат мансабдор шахсларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақириш”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг апрель ойида Бишкекнинг Первомайский туман суди Горкий майдонидан ташқари Первомайский туманида митинглар ўтказишга қўйилган тақиқни 2022 йил 1 сентябргача узайтирди.

XS
SM
MD
LG