Ссылки доступа

Қозоғистонда чегарани ноқонуний кесиб ўтган Қирғизистон фуқароси қўлга олинди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари чегарани ноқонуний кесиб ўтган қирғизистонликни қўлга олди. Бу ҳақдаги маълумотни Озодликка Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

Бошқармада айтилишича, қўлга олинган шахс Иссиқкўл вилоятининг Туп туманида туғилган бўлиб, чорвачилик билан шуғулланган. У Олмаота вилоятининг Каскелен шаҳридаги 1-сонли махсус тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

“Ҳозирда Бош консуллик томонидан фуқаро T.A.O.га консуллик ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Вазирлик Бош консулликка Қозоғистон Республикасининг ваколатли органлари билан ҳар томонлама ва холис текширув ўтказилишини таъминлаш учун фаол ҳамкорлик қилиш бўйича топшириқ берди. Бу масала Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида назоратида”, — дейилади вазирлик хабарида.

Шу йилнинг январь ойида Қирғизистон фуқароси Сийимик Омурбек уули чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун қўлга олинган эди. Ҳодиса Иссиқкўл вилоятидаги Қарқира яйловида содир бўлган. Қайд этилишича, у чорва молларини қидириб тасодифан чегарани кесиб ўтган. Февраль ойида Симйимик Омурбек уулу жаримага ҳукм қилинган ва 5 йилга Қозоғистондан ўтиш тақиқлангани учун чиқариб юборилган.

XS
SM
MD
LG