Ссылки доступа

Москвада ўзбек аёлнинг "бола ўғирлагани" иддао қилинди


Москвада бола ўғирлашда гумон қилинган ўзбекистонлик аёл акс этган хавфсизлик камера тасвирлари.

Москвада ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Ноила Нурматова 21 яшар қизи С. бола ўғирлашга уринишда ноҳақ айбланаётганидан шикоят қилди.

Онанинг даъвосича, қизи болалар майдончасида ўйнаб юрган 5 яшар рус қизалоғини ўғирлашга уринишда гумон қилиниб, 19 август куни ушланган ва айбловга асос бўлмагани боис, эртаси куни қўйиб юборилган.

Аммо ҳали суд бўлмасидан туриб, Россия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда "бола ўғриси"га чиқарилган қизнинг суратлари ёйилган ва ҳозир у оммавий қораланмоқда. Тармоқларда уни самосуд қилишга чақириқлар ҳам янграган.

Ноила Нурматованинг Озодликка айтишича, 21 яшар қизи Москвага 2 ой муқаддам келган ва ҳозирча ишсиз.

Ҳодиса шу йилнинг 19 август куни, Москва шаҳрининг улар яшайдиган Гальянова туманидаги кўп қаватли уй ёнида жойлашган болалар ўйингоҳида содир бўлган.

- Қизим майдончада телефонини кавлаб ўтирганида, ёнига 5 яшар қизча келган ва ундан қўлидаги “Кириешки” қоқнонидан сўраган. Қизим берипти. Орадан бир неча кун ўтиб, қизим пастда ўтирса, ўша қизча яна ёнига борган. Яна қоқнон сўраган. Қизим: “Менда “Кириешки” йўқ. Сени онанг қани?” деб сўрапти. Қизча ёлғиз юрган экан-да яна. Кейин, майдонча ёнидаги дўконда, депти қиз. Қизим бечора, шу ёлғиз қолмасин, деб қўлидан ушлаб ўша дўконга онасини ёнига олиб кетаётганда қизчани онаси келиб ёпишган, боламни ўғирлаб кетяпти, деб, - деб даъво қилади Нурматова.

Онанинг сўзларига кўра, қўшнилар полиция чақиришган ва С. полиция бўлимига олиб кетилган. Суриштирувлар ва камера ёзувлари ўрганилганда, 5 яшар қизчанинг С. ёнига ўзи боргани ва дўкон томонни қўли билан кўрсатгани ўртага чиққан.

- Полиция эртаси куни қизимни қўйиб юборди, чунки ҳаммасини камерада кўришди. Ҳозир нега 5 яшар қиз болалар майдонида ёлғиз юрипти, онаси қаерда эди, дейиш ўрнига, бу қизни онасига обораман, деган соддадил қизимни ўғрига чиқариб, суратларини тарқатиб ётишибди. Мен полицияга туҳматдан шикоят қилдим. Ҳозир қизимнинг оқланиши учун ҳаракат қиляпман, - дейди Ноила Нурматова.

47 яшар Нурматованинг айтишича, унинг асл касби болалар дефектологи. Турмуш ўртоғи Россияга ишга кетгач, ортидан Москвага борган ва айни пайтда аҳоли уйларини тозалаб, пул топади.

Қизи С. эса оилавий зўравонлик ортидан турмушидан ажраган ҳамда Ўзбекистонда ёлғиз қолгани боис икки ой муқаддам онасининг ёнига Москвага борган.

Адвокати Мурат Гаджиболатовнинг айтишича, С. Россия Жиноят кодексининг 126-моддаси, 2-қисми билан “вояга етмаган шахсни ўғирлаш”га уринишда гумон қилинмоқда, ҳозиргача айблов эълон қилинмаган.

Айб ўз исботини топгани тақдирда, С.га 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари бормоқда.

Ноила Нурматова қизининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, 30 август куни Ўзбекистонннинг Москвадаги элчихонасига боргани, аммо элчихона ёрдам беролмаслигини маълум қилганини айтди.

Нурматованинг айтишича, ҳозир ижтимоий тармоқларда қизининг номига таҳдидлар тинмаётгани боис уни яширишга мажбур бўлмоқда ва бунда унга Гальянова полиция бўлими ходимлари ёрдам беришмоқда.

Рус тилидаги ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида 21 яшар С. айби исботланмай туриб, “бола ўғриси”га чиқарилган ва суратлари илова қилинган хабарлар тарқалишда давом этмоқда.

Хабарлар остида қолдирилган шарҳларда, аксар фойдаланувчилар, аёлни полиция ҳибсдан чиқариб юборганидан кескин норози ва бу қизни топиб, унга мустақил чора кўриш, ҳатто “жисмонан йўқ қилиш”га чақиргани акс этган.

Ташқи меҳнат миграцияси идорасига кўра, республика ташқарисида жами 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилади. Россиядаги ишчилар хорижда меҳнат қилаётган мамлакат фуқаролари умумий сонининг 63 фоизини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG