CPJ қайдича, бунгача Г. Саид пойтахт аэропортида беш соатга яқин тутиб турилган. Ўзбекистон расмийлари унинг нима учун тутиб турилганини изоҳлаган эмаслар.
CPJнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саид Ўзбекистонга киритилмаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Унга иммиграция тизимида Г. Саиднинг мамлакатга киришига рухсат йўқлиги қайд этилгани айтилган. Шундан сўнг унга парвози 1 сентябрга режаланган Нью-Йорк рейси учгунига қадар Тошкент аэропортида қолиши кераклиги айтилган.
CPJ Гулноза Саид қўмита топшириғи билан Грузия ва Латвияга ташриф ортидан Тошкентга борганини билдирган.
Бунгача у июль ойи охирига яқин Ўзбекистонга боргани, Тошкентда уч ҳафта тургач, мамлакатни муаммосиз тарк этгани айтилган.
CPJ президенти Жоди Гинзберг Ўзбекистон расмийларини Гулноза Саидга мамлакат ичига кириб, ўғлини олиб, хотиржам тарзда ортга қайтишига рухсат беришга чақирган.
Айрим манбалар Г. Саид Ўзбекистон президенти администрацияси ходимлари аралашуви ортидан мамлакатга қўйилганини айтишмоқда, бироқ бу хабар ҳали расман тасдиқланганича йўқ.
Жорий йилнинг 30 август куни Тошкентга учиб келган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиласи Гулноза Саид сешанба оқшомида мамлакат ичига киритилган.