Ссылки доступа

Қирғизистонда давлат мустақиллигининг 31 йиллиги нишонланмоқда


31 август куни Қирғизистон мустақиллигининг 31 йиллигини нишонламоқда. Байрам тадбирлари Чуй вилоятининг Оламудун туманидаги Чунқурчоқ ёзги яйловларида ўтказилмоқда.

Президент Садир Жапаров иштирокида давлат байроғини кўтаришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Давлатим раҳбари ўз табрик сўзида Мустақиллик байрамига бағишланган тантанали тадбирлар бундан буён ҳам мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳар йили ўтказилишини таъкидлади.

“Биз ҳаммамиз Қирғизистонимиз учун тинчлик ва фаровонликни хоҳлаймиз. Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси, миллати ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Бирлашган Қирғизистон халқи, биз болаларни бирга тарбиялаймиз, байрамларни бирга нишонлаймиз ва қийинчиликларга бирга дуч келамиз. Бугун биз умумий, энг муҳим байрамимизни - 31 августни нишонлаймиз. Бу нафақат Мустақиллик байрамимиз, балки кўп миллатли Қирғизистон халқининг дўстлик ва бирдамлик байрамидир”, деди Президент.

Унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда ҳокимият органлари фаолиятининг асосий йўналишлари “мустақилликни сақлаш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий қудратини ошириш, кенг кўламли дастурий вазифалар ва ислоҳотларни изчил амалга ошириш”дир.

Қирғизистон суверенитети тўғрисидаги декларация СССР парчаланганидан кейин 1990 йил 15 декабрда мамлакат Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган. 1991 йил 31 августда эса “афсонавий парламент” Давлат Мустақиллиги Декларациясини қабул қилди.

Бишкекда Мустақиллик байрамини ўтказиш учун 2 миллион сом сарфланади. Бу ҳақда Озодликка Бишкек мерияси матбуот хизмати хабар берди.

Белгиланган миқдор, муниципалитетда тушунтирилганидек, овозли ускуналар, декорация, реквизитлар, транспорт, ижодий гуруҳни буюртма қилиш ва 20 та биоҳожатхонани ўрнатиш учун сарфланади.

Шунингдек, 31 август куни соат 19:30 да Ала-Тоо майдонида байрам концерти бўлиб ўтади, унда маҳаллий санъаткорлар чиқиш қилади.

XS
SM
MD
LG