Ссылки доступа

“Шароит даҳшатли”: қамоқдаги тожик муҳожирлари ёрдам сўраб расмийларга мурожаат қилишди


Иллюстративное фото

Ўнлаб тожикистонлик муҳожирлар Санкт-Петербург яқинидаги “Красное село” вақтинчалик хориж фуқароларини сақлаш ҳибсхонасидаги дахшатли шароит ҳақида хабар беришди. Уларнинг барчаси Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини бузгани учун қўлга олинган.

Тожикистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги Бош консуллиги вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги муҳожирлар билан боғлиқ вазиятдан хабардор эканини маълум қилди.

29 август куни Озоди радиосига йўллаган видеомурожаатда тожик муҳожирлари бир ойдан ортиқ вақтдан бери “Красное село” вақтинчалик сақлаш изоляторида чидаб бўлмас шароитда сақланаётганликларини айтишди. “Бир акамиз 60 ёшларда, у жуда қийналмоқда. Яна бири сил билан касалланган. Бу ердаги шароитлар даҳшатли. Биз Тожикистон расмийларидан ёрдам сўраймиз. Биз ҳеч кимни ўлдирмадик, ҳаммамиз рўйхатдан ўтмаганимиз учун қамалдик”, дейди муҳожирлардан бири.

Тожикистонлик 50 га яқин муҳожир ҳозирда “Красное село” вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, қўлга олинганларнинг рўйхатдан ўтиш ва ишлаш учун рухсатномалари йўқ, шунинг учун улар ватанига депортация қилинади.

Тожикистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги тожик муҳожирларининг ҳибсга олинганидан хабардор эканликларини, бироқ улар фақат суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкинлигини билдирди. “Ходимларимиз ушбу вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига уч ойда бир мартагина ташриф буюриши мумкин. У ерда қамоқ шароитлари жуда оғир, аммо қамоқхонадагидек эмас. Улар овқатланадилар, ухлаш учун жой бор, телефонда гаплашишга рухсат берилади. Муҳожирларимиз баъзан нотўғри ишлар қилишади”, деди Тожикистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули Ҳомиджон Назарий «Озоди» радиосига берган интервьюсида.

Тожикистон Бош консуллигининг яна бир ходимининг қўшимча қилишича, авваллари муҳожирларни депортация қилиш жараёни уч ойгача давом этган бўлса, энди миграция органлари бу масалани бир ой муддатда ҳал қилиши шарт. Бироқ, муҳожирларнинг сўзларига кўра, уларнинг баъзилари “Красное село” вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида қирқ кундан кўпроқ сақланиб келинмоқда.

Охирги бир неча йил ичида Россиядан 300 мингга яқин тожик муҳожири депортация қилинди ва улар маълум муддатга Россия Федерациясига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишича, кўп ҳолларда Россия расмийлари ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаган тожик муҳожирларини чиқариб юборишади.

“Баъзида мигрантлар яшаш жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтмагани ёки техник сабабларга кўра рўйхатга олиш маълумотлари Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасида йўқлиги сабабли чиқариб юборилади”, дейди ҳуқуқшунос ва мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтовар Жумаев. Унинг сўзларига кўра, судлар кўпинча ички ишлар ходимлари томонидан тақдим этилган ва реал вазиятни акс эттирмайдиган материаллар асосида қарорлар чиқаради.

Россия Тожикистондан ортиқча меҳнат ресурслари учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россия Федерацияси ҳудудида бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқаролари истиқомат қилади ва ишлайди. Тожикистон Миграция хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, айни пайтда Россия Федерациясида 693 мингга яқин мамлакат фуқароси меҳнат қилмоқда. Мигрантлар кўпинча Россияда ўз ҳуқуқлари поймол этилаётганидан шикоят қилади ва Тожикистон ҳукуматини ўз фуқаролари тақдирига бефарқлик учун танқид қилади.

XS
SM
MD
LG