Ссылки доступа

Ақтўбеда бош вазир кортежини суратга олмоқчи бўлган журналист қўлга олинди


Журналист Ардак Ерубаева на месте протестной акции. Актобе, 5 января 2022 года

31 август куни Ақтўбе шаҳрида журналист Ардак Ерубаева Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов кортежини камерага суратга олмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Уни Заводская полиция бўлимига олиб кетишди ва у ерда уч соатча ушлаб туришди. Бу ҳақда Озодликка журналистнинг ўзи маълум қилди.

“Мени қўпол куч билан олиб кетиб, полиция машинасига ўтқазган икки киши фуқаролик кийимида эди. Улар менинг смартфонимни қўлимдан олиб қўйишди. Менинг қўлимда жароҳат бор. Буларнинг барчаси вилоят ҳокимлигида содир бўлди. Бугун Ақтўбе вилояти ҳокими ўзгарди. Янги ҳокимни таништириш учун Алихон Смаилов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари Ақтўбега етиб келди. Бироқ ҳокимлик журналистларни йиғилишга қўймади. Бунинг сабабини ҳеч ким тушунтирмади. Ҳукумат аъзолари трансфер ва бошқа масалалар бўйича саволлар беришини кутгандим”, - дейди Ардак Ерубаева.

Ақтўбе вилояти ички ишлар бошқармаси Ардак Ерубаеванинг қўлга олингани фактини тасдиқлади. Полиция маълумотларига кўра, журналист полиция ходимларининг қонуний талабини бажаришдан бош тортган.

Ардак Ерубаеванинг ўзи полициянинг “кортежни кутиб олишга югуриб чиққани” ҳақидаги айбловларини рад этади. Унинг сўзларига кўра, идорада у билан тушунтириш суҳбати ўтказилган. Журналистнинг айтишича, у ҳибсга олиниб, полиция бўлимига олиб келинганидан кейин журналистнинг қонуний касбий фаолиятига тўсқинлик қилгани ҳақида ходимларга қарши ариза ёзган.

Январь воқеаларидан кўп ўтмай, журналист Ардак Ерубаева ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Бироқ унинг уйига тинтув ўтказиш учун ноқонуний равишда киргани айтилган офицерларнинг ҳеч бири жиноий жавобгарликка тортилмаган.

2022 йилнинг 7 январига ўтар кечаси полиция ақтўбелик журналист Ардак Ерубаеванинг хонадонида тинтув ўтказди ва уни полиция бўлимига олиб кетди. Офицерларнинг тинтув ўтказишга рухсати йўқ эди.

Журналистнинг қонуний касбий фаолиятига аралашиш Қозоғистонда жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади, бунинг учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қозоғистонда журналистларнинг ишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳақидаги баёнотлар кўпинча ҳаракатсиз қолмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан тузилган глобал сўз эркинлиги индексида Қозоғистон 180 давлат орасида 122-ўринни эгаллади. Мамлакат матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият оғир деб баҳоланадиган давлатлардан бири сифатида таснифланади.

XS
SM
MD
LG