Ссылки доступа

Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Тожикистон президентига норозилик мактуби йўллади


Джейми Флай и Эмомали Рахмон. Цюрих, Швейцария, 7 ноября 2019

Озод Европа/Озодлик радиоси медиа корпорацияси президенти Жейми Флай Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга йўллаган мактубида “янги таъқиблар тўлқини ва Озоди радиоси журналистлари ишига тўсқинлик қилиш уринишларига” норозилик билдирди.

Ушбу мактуб 31 август куни Тожикистон президенти ижроия аппаратига етказилган. Бу мактубга давлат раҳбари ёки унинг маъмуриятидан ҳозирча жавоб олинмаган, бироқ ўтмишда расмий Душанбе мамлакатда оммавий ахборот воситаларининг очиқ ва эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилганини доим таъкидлаб келган.

Флай ўз мактубида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги май воқеаларидан кейин Озоди радиоси журналистлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан қўрқитиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари аввалгидан кўра кўпроқ бўлганини ёзади.

“Озоди радиоси ва «Настоящее время» телеканали мухбирларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ҳужум уюштирилиб, улардан ўз касбий фаолиятида фойдаланган электрон қурилмалар олиб қўйилди (шу билан бирга, расмийлар тергов қилишни хоҳламайдилар ёки ушбу ҳодисалар учун айбдорларни жавобгарликка тортмаган). «Озоди» радиоси ходимлари интернетда ва оғзаки ҳақоратларга дучор бўлмоқда, ҳеч қандай сабабсиз қисқа ҳибсга олинмоқда ва ҳибсга олиш билан таҳдид қилинмоқда”, деб ёзади Жейми Флай.

У мактубда “Озоди радиоси журналистлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан репрессив усулларни қабул қилиб бўлмайди ва сизнинг аввалги баёнотларингиз ва ҳукуматнинг Тожикистон матбуот эркинлигини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёнотларига мутлақо зид”, деб таъкидлаган.

Тожикистон президентига мурожаатида у шундай таъкидлади: “2019 йилда Цюрихда бўлиб ўтган йиғилишда айтганимдек, «Озоди» радиоси журналистиканинг энг юқори стандартларига амал қилади ва ҳукумат томонидан таҳдид ва таъқиблар туфайли бу стандартларга хиёнат қилмайди. Ўшанда сиз «Озоди» радиоси фаолияти учун миннатдорчилик билдириб, «Озоди» радиосининг Тожикистонда қолишини хоҳлаётганингизни айтдингиз”.

Озодлик радиоси медиа корпорацияси президенти ўз мактубида АҚШ Конгресси вакиллари сўровига тўхталиб, бунга жавобан Тожикистон расмийлари далил талаб қилган. Шундан сўнг, жорий йилнинг февраль ойида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Жейми Флайга факт ва далиллар билан мактуб юборилган ва ҳозирда ушбу хат Тожикистон президенти номига йўлланган мурожаатга илова қилинган.

Ўша мактубда «Озоди» радиоси ходимларига нисбатан ўнлаб босим ва таҳдид ҳолатлари бор. Флай энди бу амалиёт нафақат давом этаётгани, балки тобора кучайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда. “Агар Тожикистон ҳукумати мустақил журналистларимизни таъқиб қилишни тўхтатмаса, биз мамлакатда фаолиятимизни давом эттириш масалаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўламиз”, деди у.

Жорий йилнинг 17 май куни Озоди радиоси журналистлари журналист ва фуқаролик фаоли Улфатҳоним Мамадшоева билан учрашиб, интервью берганидан сўнг калтакланган ва расмий видео жиҳозлари тортиб олинган. Мамадшоева бир кундан кейин ТБМВда митинг уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

28 май куни кечқурун номаълум шахс «Озоди» радиоси мухбири Муллоражаб Юсуфийга гуруҳга қилинган ҳужум ҳақидаги баёнотини қайтариб олмаса, оила аъзоларининг соғлиғини ўйласин, деб таҳдид қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Озоди радиоси журналистларига 7 июнь куни уюштирилган ҳужум юзасидан текширув бошлаганини, бироқ ҳозирча таҳририятдан тергов натижаларига оид жавоб олинмаганини билдирди. Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода 19 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида воқеа тергови шахсан ўзи назорати остида эканини айтди, бироқ нега ҳужум қилганларнинг шахси ҳозирча аниқланмагани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG