Ссылки доступа

АҚШ БМТнинг Шинжондаги уйғурларга оид ҳисоботини олқишлади


АҚШ БМТнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларни таъқиб қилиш орқали Хитой ҳукумати инсониятга қарши жиноят содир этган бўлиши мумкинлиги таъкидланган ҳисоботини олқишлади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 сентябрда берган баёнотида, БМТнинг истеъфога кетаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачалет эълон қилган ҳисоботда “Хитойнинг уйғурлар ва бошқа озчиликларга даҳшатли тарзда муносабатда бўлаётгани” ишончли далилларга асосланганини айтди.

Блинкенга кўра, ҳисобот Вашингтоннинг “Хитой ҳукумати Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник гуруҳларга нисбатан геноцидни амалга ошираётгани ҳамда инсониятга қарши жиноятларни содр этаётгани” юзасидан билдирган ташвишларни тасдиқлади.

Бачелет ўз ҳисоботида Шинжонда мусулмонларнинг камситилиши ва “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланиши “инсониятга қарши жиноят” сифатида талқин қилиниши мумкинлигини таъкидлаган эди. БМТ расмийси Хитойни зудликда қамоқларда ноқонуний сақланаётган мусулмонларни озод этишга чақирган.

Шинжонда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқхоналарга ва лагерларга ташлаган. Пекин у ерда инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилганликда, шу жумладан, ушбу гуруҳларнинг маданий ўзлигини йўқ қилиш йўлида кенг қамровли кампанияни йўлга қўйганликда айбланмоқда.

Айни пайтда Хитой Шинжонда мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётганини инкор қилиб келмоқда ва бу ҳолатни террорчиликка, экстремистликка ва сепаратизмга қарши кураш билан изоҳламоқда.

XS
SM
MD
LG