Ссылки доступа

Прага марказида ҳукуматга қарши намойишда 70 минг киши қатнашди


Чехия полициясининг маълум қилишича, шанба куни Прага марказида ҳукуматга қарши уч соатлик намойишда камида 70 минг киши қатнашган.

Иштирокчилар Вазирлар Маҳкамасининг истеъфога чиқишини, мамлакат томонидан бетарафлик эълон қилинишини ва арзон газ, хусусан, Россиядан сотиб олиш бўйича келишувлар тузилишини талаб қилишди.

Ватслав майдонидаги “Биринчи навбатда Чехия” деб номланган акция Европа Иттифоқи, НАТО ва Украинани Россия билан урушда қўллаб-қувватлашга қарши шиорлар остида ўтказилди. Спикерлар, ҳам ўнг, ҳам ўта чап кучлар вакиллари Украинадан қочқинларни қабул қилишни чеклашни, бетарафликни эълон қилишни ва “Брюссел ёки Украина эмас, Чехия” ҳукуматини тузишни талаб қилишди, деб ёзади Lidové noviny газетаси.

Ҳукумат энергия нархининг ошиши ва юқори инфляция учун танқид қилинди. Бош вазир Петр Фиаланинг айтишича, митингни Чехия манфаатларига қарши бўлган россияпараст ташкилотлар уюштирган.

Жума куни парламентдаги мухолифат ишончсизлик вотумида Чехия ҳукуматини истеъфога мажбурлай олмади. Дебатлар ва овоз бериш 22 соат давом этди. Вазирлар маҳкамаси истеъфоси учун 200 нафар депутатдан 84 нафари овоз берди, зарур бўлган овоз сони - 101 та. Ҳукумат коалицияси қуйи палатадаги аксарият ўринларни назорат қилади.

Европа Иттифоқи доирасида Чехия Москвага нисбатан қаттиқ позицияни ёқлайди. Мамлакат россиялик дипломатларнинг аксариятини чиқариб юборди, Россияга қарши санкцияларни давом эттирди, Россия фуқароларига визаларнинг аксарият турларини беришни тўхтатди ва россиялик талабаларнинг университетларда ўқишини чеклади.

Шанбалик акция ташкилотчиларига кўра, унда камида 100 минг киши қатнашган. Улар ҳукумат ой охиригача истеъфога чиқмаса, умуммиллий иш ташлаш ҳақида музокаралар олиб бораётганини айтишди.

XS
SM
MD
LG