Ссылки доступа

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторидан қочган шахс ҳақидаги маълумот учун пул мукофоти ваъда қилди


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Душанбедаги тергов изоляторидан қочган 35 ёшли Аҳмадбек Саидовнинг суратини чоп этиб, фуқаролардан қочоқни ушлашда ёрдам сўради - эвазига унинг қаердалиги ҳақида маълумот пул мукофотини ваъда қилишди.

3 сентябрь куни исмини ошкор қилмасликни сўраган Хатлон вилояти Ички ишлар вазирлиги ходимининг Озоди радиосига айтишича, қочоқ Аҳмадбек Саидов сурати остида пул рағбатлари ҳам қайд этилган.

Унинг сўзларига кўра, суратга қочоқ ҳақидаги қисқача маълумот илова қилинган: Хатлон вилояти Қўшониён тумани Заргар маҳалласида яшовчи Аҳмадбек Саидов талончиликда гумон қилинмоқда, фуқаролар унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотларни махфий асосда тақдим этиб, бунинг учун пул мукофоти олишлари мумкин.

35 ёшли Аҳмадбек Саидов жорий йилнинг 18 августидан 19 августига ўтар кечаси Душанбедаги тергов изоляторларидан биридан қочиб кетган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг 29 август куни Озоди радиосига айтишича, “19 август куни эрталаб изолятордан қочган эркак ҳақида хабар келиб тушган. Бизга шунчаки ҳушёр бўлиш ва эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган, дейди у.

Айни пайтда Хатлон вилояти маъмурий маркази Бўхтар шаҳри кўчалари ва бозорларида Аҳмадбек Саидовнинг суратлари пайдо бўлди.

Август ойи бошида яна 12 нафар Тожикистон фуқароси билан бирга Россиядан чиқариб юборилган Аҳмадбек Саидов 2007 йилда Данғарада талончилик ва 83 минг 250 сомонийни ўзлаштиришда айбланмоқда.

Айни пайтда, Озоди радиосига маълум қилишича, қочишга ёрдам берган Душанбедаги 1-сонли тергов изоляторининг масъул ходимларидан бири Идибек Мухтожев ҳибсга олинган.

Бу Тожикистондаги тергов изоляторлари ва қамоқхоналардан қочишнинг биринчи ҳодисаси эмас. 2010 йилнинг августида Душанбе марказидаги тергов ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочиб кетган. Қочганлар орасида оғир жиноят содир этганликда айбланганлар ҳам бор. Президент Имомали Раҳмон мустақил Тожикистон тарихидаги энг шов-шувли қочишдан сўнг мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Хайриддин Абдураҳимов ва унинг деярли барча ўринбосарларини ишдан бўшатди.

XS
SM
MD
LG