Ссылки доступа

ШҲТ саммити сабабли Самарқандга кириш ва ҳаракатланиш чекланади (видео)


Самарқанд Ички ишлар бошқармаси 14 сентябрдан 17 сентябргача шаҳарга кириш чекланишини билдирди ва Самарқандга келишни режалаштирганларга ўз ташрифларини бошқа кунга кўчиришни тавсия қилди.

Расман билдирилишича, бундай чора Самарқандда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан қўлланилмоқда.

Бундан ташқари шаҳардаги 16 та кўча ҳаракатланиш учун, жумладан, автомашиналар учун ҳам ёпилади. Бу кўчаларда истисно тариқасида фақат тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига ҳаракатланиш учун рухсат берилади. Транзит автомобиллар учун айланма йўллар ташкил этилади.

Озодлик радиоси "саммитга Путин келиши муносабати билан" шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани ҳақида хабар берган.

Аввалроқ 14−16 сентябрь кунлари Самарқанд аэропорти ҳам ёпилиши хабар қилинган эди. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан бошланиши тўғрисида вилоят Халқ таълими бошқармаси 29 август куни маълум қилган.

ШҲТнинг навбатдаги саммитига 15—16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади. ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон аъзо давлатдир. Афғонистон, Монголия ва Беларусь ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

XS
SM
MD
LG