Ссылки доступа

ҲАМАС Исроил жосуси сифатида гумонланганларни қатл қилди


Фаластиннинг Ғазо минтақасини ўз назоратига олган ҲАМАС гуруҳи 4 сентябрь куни беш киши қатл қилинганини билдирди. Улардан икки нафари 2009 ва 2015 йилларда Исроил фойдасига жосуслик қилганликда гумонланган шахслардир.

Фаластин ҳудудида 2017 йилдан бери илк маротаба ўлим жазоси ижро этилди. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ўлим жазоси ижро этилганини қоралади ва ҲАМАСни қатлларга барҳам беришга чақирди.

ҲАМАС қатл қилинганларнинг исмларини ошкор қилмади. Расман билдирилишича, улардан уч нафари одам ўлдиргани учун ҳукм қилинган. Исроил жосуси сифатида қатл қилинган икки киши эса 44 ва 54 ёшда бўлган. ҲАМАС Исроилга бу ҳақда расман маълумот берган. Исроил ҳукумати бу хабарга муносабат билдиришдан бош тортди.

Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос расман ўлимга ҳукм қилинганларни авф этиш ҳуқуқига эга. Бироқ у ўз фармонлари бажарилишини ХАМАС назорати остидаги Ғазо минтақасида самарали назорат қилиш имкониятига эга эмас.

XS
SM
MD
LG