Ссылки доступа

Қирғизистонда фуқаролик фаоллари россиялик санъаткорларнинг гастролларига қарши норозилик билдирди


5 сентябрь куни бир қанча фуқаролик фаоллари Қирғизистонда россиялик машҳур санъаткорларнинг режалаштирилган концертлари муносабати билан Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги биноси олдида норозилик намойиши уюштирди.

Намойишчилар, жумладан, фаол Ондуруш Тўхтанасиров, журналист Замир Осоров ва “Тинчлик учун кураш” ташкилоти раҳбари Валерий Булашов “Қрим Россиянинг бир қисми” дея эълон қилган россиялик қўшиқчи Филипп Киркоровнинг концертига қарши чиқди.

“Биз урушга қаршимиз. Биз тажовузкор мамлакатдан қўшиқчиларнинг Қирғизистонга келишига қаршимиз”, — деди Тўхтанасиров.

Россиялик хонанда Филипп Киркоровнинг Бишкекдаги концерти жорий йилнинг 3 ноябрига белгиланган.

Россия 2022 йил 24 февралда Украинага кенг кўламли босқинни бошлади. Бу вақт ичида рус қўшинлари Украинанинг жануби ва шарқидаги бир қатор ҳудудларни ўз назоратига олди, бироқ Киев ва бошқа шимолий вилоятлардан чекинишга мажбур бўлди.

Жанглар можаронинг ҳар икки томонида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам минглаб қурбонлар билан кечмоқда. Ғарб давлатлари Украинага қурол етказиб беришни кўпайтирмоқда ва Россияни санкцияларга дучор қилмоқда, бироқ улар тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмоқчи эмаслигини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG