Ссылки доступа

Еврокомиссия Украинага ярим миллиард евро миқдорида ёрдам ажратади


Еврокомиссия Украинага 500 миллион евро миқдорида ёрдам ажратади. Бунга оид ҳужжат ҳар иккала томон тарафидан имзоланган, дея маълум қилди Еврокомиссия расмий вакили Эрик Мамер 5 сентябрь куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Бу маълумотни Украина бош вазири Денис Шмигаль ҳам тасдиқлади.

Мазкур ёрдам пакети Украина ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчишга мажбур бўлганлар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиган фермерларни дастаклаш, шунингдек таълим эҳтиёжлари учун сарфланиши айтилмоқда.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Украинага 5 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатиши очиқланган ва бу пакет “зарур харжлар, жумладан украиналикларга маош ва нафақалар тўлаш учун” йўналтирилиши айтилган.

Бундан ташқари, Оқ уй АҚШ Конгрессидан Киевга ҳарбий учоқлар сотиб олиш ҳамда бюджет ёрдами кўрсатиш учун 11,7 миллиард доллар сўрашни режалаётгани очиқланган. АҚШ президенти маъмурияти бу маблағни 2023 йилнинг биринчи чорагида олишга умид қилмоқда.

XS
SM
MD
LG