Ссылки доступа

"Мажбурий чиқариб юбориш жараёнини тўхтатинг!". Афғонистонлик қочқинлар Имомали Раҳмонга мактуб йўллади


Афганские беженцы в Пакистане. Архивное фото

Тожикистонда бошпана топган афғон қочқинлари 5 сентябрь куни президент Имомали Раҳмонга мактуб йўллаб, ҳозирда Толибон ҳокимият тепасида турган Афғонистонга “қочоқлар ва бошпана изловчиларни мажбуран қайтариш жараёнини” тўхтатишни сўраган.

“Афғонларнинг катта қисми ўз фарзандлари келажагини ўйлаб ва тирик қолиш учун ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Улар дунёнинг турли бурчакларида сарсонлар”, дейилади Тожикистондаги афғон қочқинларининг мактубида. Мактуб форс, рус ва инглиз тилларида ёзилган.

Тожикистон расмийлари мактубни олган ёки олмаганликларини айтишмаган. Афғонистонлик қочқинларнинг Тожикистондан чиқариб юборилиши ҳақидаги материал эълон қилинганидан икки ҳафта ўтган бўлсада, бирорта расмий орган бу борада изоҳ бермади. Фақатгина Ички ишлар вазирлиги вакили икки ҳафта аввал ўттиздан ортиқ афғонистонлик қочқин Тожикистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя қилмагани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берган, бироқ уларнинг чиқариб юборилиши ҳақида гап бўлмаган.

Афғонистонлик қочқинлар Тожикистон президенти номига йўллаган мактубида уларнинг бир қисми учинчи давлатга виза олиш жараёнида экани ҳақида хабар беришган.

“Биз тинч Тожикистонда кундалик ҳаётимизни давом эттиришимиз ва келажакда қочқинларни қабул қилувчи учинчи давлатларга кўчиб ўтиш имкониятига эга бўлишимиз учун афғон қочқинларини мажбуран қайтариш жараёнини тўхтатишингизни сўраймиз. Фарзандларимиз олий маълумот олишсин ва фарзандлари учун фаровон келажак ярата олишсин”, деб ёзади қочқинлар.

Афғонистонлик қочқинлар ва бошпана изловчиларнинг айтишича, улар асосан “полиция ва хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган, чегарага олиб келинган ва у ердан Афғонистонга кўчирилган”.

«Озоди» радиоси мавжуд бўлган маълумотларга кўра, қувилган афғонлардан бирида БМТ қочқинлик гувоҳномаси бўлган.

Халқаро стандартларга кўра, бундай сертификатга эга бўлган шахсларни ҳаёти хавф остида бўлган давлатга юбориш тақиқланади. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги 25 август кунги баёнотида афғон қочқинларининг ўз ватанига қайтарилишидан хавотир билдирди ва Тожикистон ҳукуматидан бу ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилди.

Олинган маълумотларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармасининг Тожикистондаги бошқармаси бошлиғи Мулугета Зевди Женевага жўнаб кетган. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги вакилининг Озоди радиосига айтишича, жаноб Зевди афғон қочқинларини Тожикистондан чиқариб юбориш масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги олдида кўтариши мумкин.

Айрим афғон қочқинларининг айтишича, уларни тўғридан-тўғри кўчадан ёки уйларидан олиб, чегарага олиб кетишади. “Бизнинг барча афғонлар қочқинлар гувоҳномасига эгамиз ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида рўйхатдан ўтганмиз. Агар биз Афғонистонга қайтсак, ҳаётимиз хавф остида қолади, чунки биз аввалги ҳукумат ходимларимиз”, — деди афғон қочқинларидан бири Афғонистон халқаро телеканалига берган интервьюсида.

Тожикистонда 10 мингга яқин Афғонистон фуқароси истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Толибондан қўрқиб Тожикистонга қочиб кетганини айтади. Бу экстремистик гуруҳ Афғонистонни бир йилдан бери бошқариб келмоқда ва доимий равишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, айниқса аёллар ва қизларни поймол қилишда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG