Ссылки доступа

Биринчи, икки йиллик танаффусдан сўнг, Хўжанддан Волгоградга поезд 7 сентябрь куни жўнайди


Хўжанд ва Волгоград ўртасида қатновчи йўловчи поездлари сони ва уларнинг жўнаб кетиш вақти ҳақида маълумотлар маълум бўлди.

“Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси идораси маълум қилишича, ушбу йўналишдаги биринчи поезд эртага, 7 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да жўнайди. Поезддаги вагонлар сони 10 та.

«Темирйўлчилар» матбуот котиби Анваржон Латифзоданинг 6 сентябрь куни Озоди радиосига маълум қилишича, поезд 614 йўловчини сиғдира олади, 5 сентябрь оқшомига келиб эса 400 дан ортиқ чипта сотилган.

Унга кўра, поезд ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари ушбу йўналиш бўйича ҳаракатланади. Хўжанддан Волгоградга бу рейс учун чипта нархи 1200 дан 1300 сомонийгача (120-130 доллар) бўлиб, вагон турига боғлиқ.

Бу Тожикистондан Россияга йўл олган учинчи йўловчи поездидир. Кўлобдан Волгоградга биринчи поезд 16 августда, иккинчи поезд эса 27 август куни Душанбедан жўнаб кетди. Эслатиб ўтамиз, Россия 2020 йил 17 март куни COVID-19 пандемияси сабабли Тожикистон билан темир йўл алоқасини бекор қилган эди.

Шундай қилиб, ҳар ҳафта сешанба кунлари Кўлобдан, чоршанба кунлари Хўжанддан ва шанба кунлари Душанбедан йўловчи поездлари Волгоградга жўнаб кетади.

Волгоград шаҳри Волганинг ўнг қирғоғида, Москвадан 980 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, у ердан Россиянинг исталган шаҳрига бориши мумкин бўлган кўплаб йўловчилар учун асосий транзит марказидир.

Россияга учаётган самолёт ва поездлардаги йўловчиларнинг аксарияти ўз ватанларида иш йўқлиги сабабли у ерга иш излаб келади ва шу тариқа Тожикистондаги оилаларини боқишади.

Илгари авиачипталарнинг қимматлиги туфайли кўпчилик муҳожирлар транспорт воситаси сифатида йўловчи поездларини танлаган. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли Россия ер усти алоқалари, жумладан, темир йўл алоқаларини тўхтатди ва меҳнат муҳожирлари нархи темир йўл чипталари нархидан уч баравар қиммат бўлган қиммат авиачипталарни сотиб олишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG