Ссылки доступа

Прокуратура Фарғонадаги боғчада 4 яшар болакайнинг чўкиб кетиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди


Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси сувда чўкиб, вафот этди.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 23-сонли давлат боғчасида юрган 4 ёшли тарбияланувчи Муҳаммад Акбар Абдупаттоевнинг дарёда чўкиб вафот этганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда 167-моддаси 2-қисми “г” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур боғча молиявий фаолияти ўрганилганда тарбияланувчилар учун сарфланиши лозим бўлган 24,3 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати қайдича, бахтсиз ҳодиса юзасидан ўтказилган текширув натижасида ходимлар болаларнинг боғча ҳудудидан рухсатсиз чиқиб кетишларига бепарво қарашгани аниқланган. Бу бепарволик натижасида жорий йилнинг 21 июль куни боғча ҳудудидан чиқиб кетган 4 яшар болакай тасодифан сирпаниб, дарёга тушиб, чўкиб кетган.

МТВ лоқайдлиги туфайли бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган шахслар “албатта жазоланиши”ни билдирган.

XS
SM
MD
LG