Ссылки доступа

Тожикистон Покистонга гуманитар ёрдам юборди


Наводнение в Пакистане
Наводнение в Пакистане

Тожикистон Покистонга гуманитар ёрдам жўнатди. Гуманитар юк Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга етказилади.

7 сентябрь куни эрталаб Душанбедан тожик-афғон чегараси томон 130 та машинадан иборат карвон зарурий товарлар билан жўнаб кетди. Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Давлат моддий заҳиралар агентлиги директори ўринбосари Соҳиб Зувайдуллоевнинг айтишича, гуманитар юк 1000 тонна кўмир, 500 тонна ун, 500 тонна ичимлик суви ва 2000 дона шифердан иборат. Жами гуманитар ёрдам ҳажми уч минг тоннадан ортиқ, қиймати 12 миллион сомонийни ташкил этади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Покистоннинг учдан бир қисмини қамраб олган ҳалокатли сув тошқинлари қурбонлари сони 1343 нафарга етди. Иқлим ўзгариши сабаб бўлган табиий офат Покистоннинг 220 миллионлик аҳолисининг 33 миллионини қамраб олди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 500 мингга яқин одам бошқа жойга кўчирилган, уларнинг аксарияти вақтинчалик лагерларда бошпана топган. Бўрон миллионга яқин уйни вайрон қилди. Покистон ҳукумати мисли кўрилмаган ёмғирлар мамлакатга 10 миллиард долларга яқин зарар келтирганини айтди.

Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, гуманитар юк тожик-афғон чегарасига етказилиб, у ерда Покистон ҳукумати вакилларига топширилган.

Тожикистонлик сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов гуманитар юкларнинг Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга хавфсиз етказилиши ҳақидаги хавотирларни асоссиз деб ҳисоблайди.

“Минтақада, хусусан, Афғонистондаги қарама-қаршиликлар тарихи шуни кўрсатадики, гуманитар юкларни етказиб бериш вақтида урушаётган томонлар, қоида тариқасида, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади. Қолаверса, БМТ шафелигида Покистонга инсонпарварлик ёрдами етказилмоқда”, - дейди у.

XS
SM
MD
LG