Бу ҳақда Эрдўғон Белградга ташрифи чоғида Европа Иттифоқи ва Сербиянинг анъанавий иттифоқчиси бўлган Россия ўртасида маневр қилиш сиёсатини олиб бораётган Сербия президенти Александр Вучич билан музокаралар ўтказганида маълум қилди.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Россияни камситмасликка” чақирар экан, Туркия Россия-Украина можаросида «мувозанатли» йўл тутишини таъкидлади.
Туркия можарода Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлаган ва Россия босқинини қоралаган НАТО ташкилотининг бир қисмидир. Эрдўғоннинг ўзи ва Туркиянинг бошқа вакиллари Қримни Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудуди деб билишларини бир неча бор таъкидлаган. Шу билан бирга, Туркия Россияга қарши санкциялар жорий қилишни бошламади. Ражаб Тоййиб Эрдўғон тўлиқ миқёсли Россия-Украина уруши бошланганидан кейин Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан бир неча бор учрашган.
Жорий йилнинг баҳорида Истанбулда Россия ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар олиб борилган ва у муваффақиятсиз якунланган. Худди шу жойда, Туркия ва БМТ воситачилигида Украинага бостириб кириш пайтида Россия томонидан тўсиб қўйилган Украина портларидан ғалла экспортига рухсат берувчи келишув тузилди.
Туркия Украинага бир қанча қурол-яроғлар, жумладан, фронтда ўзини кўрсатган Байрактар дронларини етказиб беради. Шу билан бирга, Эрдўғон Ғарбни Украинани “қурол эмас, ахлат” билан таъминлаётганликда айблайди.
Россия президенти чоршанба куни Ғарбни Истанбулда Украина донини экспорт қилиш бўйича келишувдан кейин қашшоқ давлатларни алдашда айблади. Владимир Путин келишувни қайта кўриб чиқиш билан таҳдид қилди. Киевда улар келишув бўйича барча мажбуриятларни тўлиқ бажараётганликларини айтиб, Россия томонидан шантаж қилишга уринишларга ишора қилдилар.