Ссылки доступа

Журналист Алишер Соипов ўлимига оид иш яна ёпилди


Ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов ўлими бўйича 2019 йили қайта очилган иш яна ёпилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Сирожиддин Камолиддинов маълум қилган.

Мулозимга кўра, иш журналист ўлимида айбланаётганларни қидириб топиш ва аниқлаш имконияти йўқлиги сабабли ёпилган.

Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида Ўшдаги Масалиев кўчасида отиб кетилган. Ўша пайтда 26 ёшда бўлган журналист воқеа жойида жон таслим қилган. Унинг қотиллари ҳанузгача топилган эмас.

Соипов ўз вақтида “Америка овози”, Озодлик, Би-Би-Си, Mashhad радиолари ва “Фарғона.Ру” ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилган. Касбий фаолияти давомида у Фарғона водийси минтақасидаги сиёсат, дин, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизликка оид мавзуларни ёритиб келган. Умри охирида у “Сиёсат” газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритаётган эди.

Журналистнинг ўлимидан сўнг ноябрь ойида Ўш ИИБси томонидан жиноят иши қўзғатилган, бироқ 24 декабрга бориб қотилликка оид тергов тўхтатилган.

2009 йилга бориб Боткен вилоятида А. Соиповнинг ўлимида гумонланган Абдуфарид Расулов исмли шахс қўлга олинган, 2010 йил баҳорида журналистнинг қотили сифатида 20 йилга қамалган. Бироқ 2012 йили журналист отилган куни Расулов қариндошлариникидаги маросимда бўлгани акс этган видеокассета терговга етказилганидан кейин иш қайта кўриб чиқилиб, қотил ўлароқ қамалган шахс озод қилинган. 2013 йил 6 декабрига бориб журналист ўлимига оид жиноят иши тўхтатилган.

Алишер Соипов номи АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган Newseum медиамузейи лавҳидаги касбий вазифасини ўтаётган пайтда нобуд бўлган журналистлар рўйхатидан ўрин олган.

XS
SM
MD
LG