Ссылки доступа

Чимкентда январь воқеаларидан кейин судланган фаолларнинг тарафдорлари уларнинг тўлиқ оқланишини талаб қилишди


7 сентябрь куни Чимкент шаҳрида фуқаролик фаоллари Лаззат Дўсмамбетова, Қайрат Султонбек ва Жанмурат Аштаевнинг юзга яқин тарафдорлари шаҳар суди биноси ёнида йиғилиб, фаолларга қўйилган айбловларни олиб ташлашни ва уларни зудлик билан озод қилишни талаб қилишди.

Уч нафар фаол январь ойи бошидаги норозилик намойишлари чоғида “тартибсизликларда иштирок этганлик”да айбланган. Июль ойида Ал-Фаробий туман суди Лаззат Дўсмамбетовани уч йилу етти ойга, Қайрат Султонбекни уч ярим йилга, Жанмурат Аштаевни уч йилу бир ойга озодликдан маҳрум қилган. Суд қарор эълонини пайшанба куни соат 10 га тайинлади.

Мурожаатлар бошланган чоршанба куни суд биноси олдида юзга яқин одам — фаолларнинг яқинлари ва тарафдорлари йиғилди. Улар қўлларида “Қанди қантар” (“Қонли январь”) плакатлари билан «Бўстондиқ!» («Озодлик!») дея ҳайқирдилар ва маҳкум фаолларни зудлик билан озод қилишни талаб қилди.

Суд вакили суд залига ҳамма жойлаша олмаслигини ва фақат 27 кишини ичкарига киритишини айтди. Йиғилганларнинг эътирозлари ва кенг хона талабига қарамай, суд залига фақат адвокатлар, журналистлар, судланувчиларнинг яқинлари ва бошқа бир неча киши киритилди. Қайрат Султонбекнинг турмуш ўртоғи ва айни пайтда унинг жамоатчи ҳимоячиси Ардак Сатпаева судда ҳозир бўлганларнинг ҳаммасини суд залига киришига рухсат бериш тўғрисида илтимоснома киритган, бироқ суд буни “ишнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиши”ни айтиб, рад этган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш судланувчиларнинг ўзлари иштирокисиз ўтди. Суд буни зарур эмас деб ҳисоблади, чунки судга кўра "жазони кучайтириш масаласи кўриб чиқилмаяпти".

Адвокат Абдираман Оққуловнинг айтишича, судланувчиларнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 272-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар”) 2 ва 3-қисмларида назарда тутилган жиноят аломатлари йўқ. Адвокатнинг сўзларига кўра, аввалги маҳкамада айблов томони фақат “Чимкентдаги оммавий тартибсизликлар натижасида етказилган умумий зарарни” кўрсатган, бироқ фаолларнинг иштироки ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаган.

Фаол Жанмурат Аштаевнинг ҳомиладор рафиқаси Молдир Нуранов эрининг оқланишини ёки ҳеч бўлмаганда қамоқ жазосини шартли жазо билан алмаштириб, уйига кетишига рухсат беришни сўради.

Менинг тўрт фарзандим бор, бешинчиси яқинда дунёга келади. Оиламизга боқувчи керак, - деди аёл кўзларида ёш билан.

Прокурор маҳкум фаолларни оқлаш учун асос кўрмаётганини айтиб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни маълум қилди.

Ўтган ой бир гуруҳ Европарламент депутатлари Қозоғистон расмийларидан барча сиёсий маҳбусларни озод этишни, мамлакатда сиёсий сабабларга кўра таъқибларни тўхтатишни, январь воқеалари мустақил ва ошкора тергов қилинишини таъминлашни ҳамда мавжуд маълумотларни эълон қилишни яна талаб қилган эди. Қозоғистон расмийлари мамлакатдаги сиёсий таъқиблар ҳақидаги айбловларни рад этади.

«Қаҳарман» инсон ҳуқуқлари жамғармасига кўра, 24 август куни Лаззат Дўсмамбетованинг қизи Айжан Нодирбек Қозоғистонга ташриф буюрган Европарламент депутатлари билан учрашиб, фаолларга нисбатан сиёсий таъқиблар ҳақида гапирган ва январь воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган. 23 август куни Жанмурат ва Қайратнинг рафиқалари Қозоғистон пойтахтида Европа Иттифоқи делегацияси олдида тинч митинг ўтказиб, фаолларни озод этиш ва халқаро тергов ўтказишни талаб қилган эди.

XS
SM
MD
LG