Унинг сўзларига кўра, Душанбе “мавжуд вазиятдан фойдаланади ва Россия бугун заифлашган, яккаланиб қолган ва Украина масаласида қўллаб-қувватлаш эвазига ҳар қандай ён беришларга тайёр, деб ҳисоблайди”.
14 сентябрь куни Россия Олий суди ушбу мамлакат Бош прокуратурасининг ТИУПни террорчи ташкилот деб тан олиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқади.
Муҳиддин Кабирий 6 сентябрь куни Россия раҳбарига йўллаган мактубида, агар ТИУП террорчи ташкилот деб тан олинса, “ўнлаб ва юз минглаб тарафдорлар, партиянинг собиқ аъзолари ва Тожикистоннинг оддий фуқаролари яна бир бор террорчиликка дучор бўлишади, деб ёзади. Улар Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам репрессия, психологик ва сиёсий босим ва таъқиблар қурбонига айланишади”.
Сўнгги бир ой ичида бу тақиқланган ТИУП раҳбарининг Россия ҳудудида партияни террорчи деб тан олинишига йўл қўймаслик ҳақидаги иккинчи мактубидир. 11 август куни Кабирий БМТ Бош котибига Россия Федерациясидан Тожикистонда тинчлик ва миллий тотувликни ўрнатиш ҳақидаги келишув руҳига зид бўлган бундай қарор қабул қилишдан тийилишни талаб қилиш илтимоси билан мурожаат қилган.
2015 йилда Тожикистон Олий суди ўша даврда мамлакатдаги асосий мухолиф куч ҳисобланган Ислом Уйғониш партияси фаолиятини тақиқлаб, кейин унинг фаолиятини террорчилик деб тан олган эди. Ўшандан бери ва шу кунгача Тожикистон ҳукумати собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги ҳамкорларидан очиқ ва яширинча партияни террорчи деб тан олишни сўрайди, бироқ ҳозирча қўллаб-қувватланмади.
Муҳиддин Кабирий Владимир Путинга йўллаган мактубида Душанбе Россиянинг Украина масаласида эҳтимолий ёрдами эвазига Москвага ўз шартларини қўйишга муваффақ бўлганини қайд этади.
Россия томони мактубни олган-олмагани ва унга қандай жавоб бўлиши номаълум. 26 июль куни Россия бош прокурори Игор Краснов Президент Раҳмон билан Душанбеда бўлиб ўтган учрашувда “Тожикистон Бош прокурорини Россиядаги айрим ташкилотларни террорчи деб эълон қилиш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилиши ҳақида хабардор қилади”, деди.
Шунингдек, у Россия Федерацияси Бош прокуратураси Тожикистон Ислом Уйғониш партияси масаласи бўйича аллақачон судга мурожаат қилганини таъкидлади.
Август ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси раҳбари ўринбосари Артур Коновалов минтақада “террорчи ташкилотларнинг ягона рўйхати”ни яратишни тавсия қилган ва ТИУПни мисол қилиб келтирган эди.
Ўтган олти йил ичида Ислом Уйғониш партияси мамлакатда таъқиқланган ва террорчи деб эълон қилинганидан сўнг Тожикистон ва Россияда ўнлаб партия аъзолари ҳибсга олиниб, узоқ муддатга қамоққа ташланган. Партия вакилларининг бир қисми хорижда, хусусан, Европада бошпана топди.
Тожикистон ҳукумати ТИУПни ҳукуматни ағдаришга уринишда, исён ва қотилликларни режалаштиришда айблайди, бироқ партия раҳбарияти буни туҳмат деб билади.