Ссылки доступа

Ўш-Андижон йўналишида қатнов қайта тикланди


9 сентябрдан Ўш (Қирғизистон) ва Андижон (Ўзбекистон) шаҳарлари ўртасида йўналиш алоқаси тикланди.

Ушбу йўналиш бўйича қатновлар 2019 йил кузида бошланган, бироқ бир неча ой ўтиб улар коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган эди. Хабар берганимиздек, ҳозиргача ўнга яқин микроавтобус йўлга қўйилган. Чегара орқали ўтишни тезлаштириш учун давлатлар “яшил йўлак”ни жорий этишга келишиб олдилар. Шаҳарлар орасидаги масофа 45 километр.

Июль ойида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муса Жаманбоев Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов билан учрашди. Икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш, хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Шунингдек, «Уч-Қўрғон-Дароот-Қўрғон» автомобиль йўлини қуриш ва Қоракўл-Тошкент-Қоракўл халқаро автобус йўналишини очиш лойиҳаси кўриб чиқилди. Икки давлат ўртасидаги йўналишлар қайта йўлга қўйилиши муносабати билан “Тошкент – Балиқчи” йўловчи поездларини қайта йўлга қўйиш, “Ўш – Андижон” ва “Қизил-Қия – Фарғона” йўналишларида мунтазам автобус қатновларини қайтариш таклиф этилди.

Алоҳида бандда ёзги сайёҳлик мавсумида “Тошкент – Томчи” йўналиши бўйича чартер рейсларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Жаманбоев “Ўш – Тошкент – Ўш” йўналишида ҳаво қатновини очиш ва “Самарқанд – Томчи – Самарқанд” янги транспорт йўналишини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG