Ссылки доступа

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши: Россия урушга қаршиларни таъқиб қилмоқда


Россия ҳукумати Украинадаги уруш мухолифларини таъқиб қилмоқда ва йиғилиш ва сўз эркинлигини чеклаш бўйича кейинги чораларни кўрмоқда.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф маълум қилди.

Душанба куни Женевада Кенгашнинг навбатдаги сессияси очилди. Россия Украинага қуролли босқин бошланганидан кейин кўпчилик овоз билан унинг таркибидан чиқарилди.

“Россия Федерациясида Украинадаги урушга қаршилигини билдирган одамларга нисбатан таъқиб ва чекловчи чоралар ҳамда репрессиялар конституция билан кафолатланган асосий эркинликларга, жумладан, йиғилишлар, уюшмалар тузиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқига путур етказади”, деди Ал-Нашиф. Шунингдек, у Россия расмийлари журналистларга босим ўтказиш, цензура жорий этиш ва веб-сайтларга киришни тўсиб қўйиш орқали ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бузаётганини таъкидлади.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аввалроқ Кенгашдан Россияда гумон қилинаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш учун мустақил орган яратиш талаби билан резолюция қабул қилишга чақирган эди.

Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россияда урушга қарши намойишларнинг 16 мингдан ортиқ иштирокчиси ҳибсга олинган. Армияни обрўсизлантириш бўйича маъмурий модда бўйича уч мингдан ортиқ баённомалар тузилди, ҳарбий сохта фактлар бўйича 100 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди. Ўнлаб одамлар, жумладан, таниқли сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин ҳам ушбу модда остида панжара ортига ташланди. Ҳар иккала модда ҳам уруш бошланганидан кўп ўтмай қонунчиликда пайдо бўлди. Минглаб сайтлар блокланди.

XS
SM
MD
LG