Ссылки доступа

Россияликларнинг Ўзбекистон банкларида пластик карта олиш шартлари қийинлашди


Ўзбекистонда аввал хорижликларга фаол равишда пластик карта бераётган икки банк 12 сентябрь куни мазкур жараён бўйича талаблар кучайгани ҳақида эълон қилди.

Хусусан, “Капиталбанк” бундан буён Ўзбекистон ҳудудида 15 кундан кўп бўладиган норезидентларгагина пластик карта бермоқчи. Бундан талабалар ва мамлакат ҳудудида расман ишлаётган хорижликлар мустасно, холос. Ўзбекистонликлар учун банк ҳисобрақамини очиш шартлари ўзгарган эмас.

Хорижликлар билан ишлаш шартларини “Ипак йўли” банки ҳам ўзгартирган. 12 сентябрдан бошлаб у хорижлик мижозларга пластик карталарни фақат Тошкентдаги асосий идорадагина бера бошлаган.

Август ойида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов 2022 йил бошидан бери мамлакат банкларида норезидентлар томонидан очилаётган ҳисобрақамлари сони ҳар чоракда 15-20 фоиз ошгани ва ярим йиллик сўнгида 169 мингтага етгани ҳақида билдирган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон банкларида хорижлик янги мижозларнинг кўпини Россия, Беларусь ва Украина фуқаролари ташкил қилган. Россияликлар орасида “карта туризми”га бўлган талабнинг ошиши Украинада уруш бошланганидан кейин Visa ва Mastercard тизимлари Россия бозоридан кетгани ортидан кузатилган.

XS
SM
MD
LG