Ссылки доступа

Хитой Ўзбекистон билан товар айланмасини йилига 10 миллиард долларга етказмоқчи


Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлмиш Хитой Марказий Осиёнинг бу мамлакати билан ўзаро мол айланмаси ҳажмини йилига 10 миллиард АҚШ долларига етказмоқчи. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпиннинг икки давлат алоқаларига бағишланган мақоласида айтилган.

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрларда босилган мазкур мақолада Си Цзиньпин ўз мамлакатининг ўзбек иқтисодиётига сармоя ётқизаётган асосий манбалардан бири эканини писанда қилган.

ХХР раисига кўра, икки мамлакат ўртасидаги мол айланмаси 2021 йилда 8 миллиард доллардан ошган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 5 миллиард долларга етиб қолган. Мақолада Ўзбекистон ва Хитой “Бир камар – бир йўл” ва бошқа лойиҳалар доирасида тиғиз ҳамкорлик қилаётгани урғуланган.

Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ХХР раиси Си Цзиньпин 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиши, шунингдек, меҳмон пайшанба ва жума кунлари Самарқандда ўтказилажак ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасидаги тадбирларда иштирок этиши ҳақида маълумот тарқатган.

Марказий Осиёдаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган таҳлилчилар аввалроқ Хитойнинг минтақа давлатлари билан яқинлашаётгани юзасидан хавотир билдиришган. МОдаги давлатларнинг барчаси Пекиндан қарздор эканини урғулаган таҳлилчилар келажакда ХХР минтақада Россиянинг ўрнини эгаллаши эҳтимоли катталигидан баҳс этган эдилар.

XS
SM
MD
LG