Ссылки доступа

Ўзбекистонда Инновацион вакциналар маркази очилади


Тошкент вилоятида Марказий Осиёда ягона бўлган Инновацион вакциналар маркази очилади. Лойиҳа қиймати 100 млн долларни ташкил қилади. Марказда йилига 2 млрд долларлик гепатит А-Б, папиллома, қизамиқ, қоқшол ва бошқа касалликларга қарши 10 хил вакцина ишлаб чиқарилади.

13 сентябрь куни ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари саммити доирасида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов ҳамда «Luye Invetment Group Co.,Ltd» компанияси раҳбари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда Инновацион ривожланиш вазирлиги компания билан ҳамкорликда 2023−2028 йилларда умумий қиймати 100 млн долларга тенг бўлган Инновацион вакциналар марказини ташкил этиши бўйича меморандум имзоланди. Шунингдек, компаниянинг расмий вакили Лю Дяньбо Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши вакцина яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича олиб бораётган ишларга юқори баҳо берди.

«Инновацион вакциналар маркази — Марказий Осиёда ягона тўлиқ циклли биотехнологик ишлаб чиқиш корхонаси бўлиб, маҳаллий ва МДҲ мамлакатлари бозорини юқори технологик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳа доирасида гепатит А, гепатит Б, папиллома, қизамиқ, қоқшол ва бошқа касалликлар вирусларини даволашда ишлатиладиган умумий ҳажми 2 млрд долларга тенг бўлган 10 хил вакцинани йилига 200 миллион дозада ишлаб чиқариш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Ушбу тўлиқ циклли биотехнологик ишлаб чиқариш корхонасининг илмий ҳажмдорлиги ва келгусида юқори малакали илмий мутахассислар жалб қилинишини инобатга олиб, Инновацион вакциналар марказини Тошкент вилоятида ташкил қилиш таклиф этилмоқда.

XS
SM
MD
LG